МАҲАЛЛАДОШЛАР МАДАДГА КЕЛДИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Болтабой МАТҚУРБОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Тушга яқин уйга шошиб келган Фарҳоджонни ҳовлида аёли қаршилади. – Келинг, дадаси, терим яхши кетяптими? Овқат тайёр, еб оласизми?

– Бирровга келдим. Бугун бутун маҳалла аҳли ёрдамга чиқишди. Нақ 200 нафар теримчи бўлди ўзиям. Айримларига этак ҳам етишмаяпти. Шунга келувдим. Шийпонда теримчилар билан овқатланаман. Сен ҳам бориб, келинларингга кўмаклашмасанг бўлмайди. Келин катта қозонда ош дамлаган.

Фарҳоджон бир тахлам этакни олганича қандай келган бўлса шундай тезликда “Дамас”ида изига қайтди.

“Агар теримчилар кечгача ғайрат қилишса, режа бажарилиши аниқ”, ўйлади у. Фарҳоджоннинг ўйлагани бўлди. Шу куни асосий пахта териб олинди.

– Маҳалламиз аҳлига раҳмат, ёрдамларини аяшмаяпти, – дейди Янгиариқ туманидаги “Қаландар инжинер” фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Нафасов. – Мана, режани ҳам уддаладик. Биринчи теримнинг ўзидан 40 центнердан ҳосил кўтардик. Ҳали далада пахта кўп, терим якунигача ҳосилдорликни яна 3­4 центнерга оширишни мўлжаллаяпмиз.

Фарҳоджон тадбиркор, ишнинг кўзини биладиган фермер. Ҳозир унинг далаларида 60 нафар ишчи бор. Бу, шу кунларда 60 нафар теримчи ҳам дегани.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.