ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ЮКСАК САМАРАЛАР БЕРМОҚДА

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница -

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таълим соҳасини ислоҳ қилиш, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш ва олий таълимнинг бакалавр йўналишига қабул бўйича тест синовларини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, уларнинг қобилият ва истеъдодини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларини юксалтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармонида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш борасида қатор вазифалар белгиланган.

Ҳужжатда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги таълим муассасалари қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш баробарида уларни замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш назарда тутилган.

2017-2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш дастурини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини янада замонавийлаштириш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш йўли билан уларнинг мустақиллиги босқичма-босқич ривожлантириб борилади.

Кейинги бир йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг етмишга яқин фармон, қарор ва фармойиши қабул қилинди. Бу том маънода таълим тизимидаги ўзгариш ва янгиланишлар жараёнини бошлаб берди.

Ўрта махсус таълим тизимига жорий йилда 10-синфларга ўқувчилар қабул қилиш қайта йўлга қўйилди. Бу академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қабул жараёни билан баробар олиб борилди. Бунда ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинди.

Президентимиз соҳада амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш бўйича ота-оналар ва ўқувчиларнинг фикрларини инобатга олиш, улар билан “очиқ эшиклар” куни каби тадбирлар ташкил қилиб, турли учрашувлар ўтказиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

2016/2017 ўқув йилида умумтаълим мактабларини тамомлаган 466 мингдан ортиқ ўқувчининг 288 минги, яъни 60 фоиздан зиёди 10-синфда ўқишни давом эттирмоқда.

Йиғилишда ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгалаши, ўқувчиларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.