ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР ВА КИЧИК САНОАТ ЗОНАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница -

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, тегишли вазирлик, идора ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари иштирок этди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга хорижий, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, давлат мулки хусусийлаштирилган объектлар базасида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир кўплаб вазифалар белгиланган. Мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ушбу зоналар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 14 та эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда. “Навоий”, “Ангрен”, “Жиззах”, “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарида умумий қиймати 486 миллион долларга тенг 62 лойиҳа амалга оширилган, 4 минг 600 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Фармацевтика соҳасига ихтисослашган “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косон- сой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм”, “Паркент-фарм” сингари 7 янги эркин иқтисодий зонани ривожлантириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Йиғилишда эркин иқтисодий зоналардаги натижалар қониқарли эмаслиги, уларни янада ривожлантириш учун тартиб-таомилларни соддалаштириш, инвестор ва тадбиркорларни жалб этишни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз топшириғига асосан эркин иқтисодий зоналарда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, хориждан юқори технологик ускуналар харид қилиш учун Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағи ҳисобидан 100 миллион доллар миқдорида чет эл валютасидаги кредит линияси очилган.

Кичик саноат зоналарида дирекциялар ташкил этилган. Кредит олиш ва банк хизматларидан фойдаланишда муаммо бўлмаслиги учун ҳар бир зонага муайян тижорат банки бириктирилган.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.