ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР ВА КИЧИК САНОАТ ЗОНАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq hayoti» - ЎзА

Бозор талаблари ва импорт номенклатурасини ўрганиш асосида тадбиркорлар учун таклифлар, истиқболли лойиҳалар рўйхати шакллантирилган. Кичик саноат зонасида ишлайдиган субъектлар 2 йил барча солиқлардан озод этилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри туманлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ташрифлари чоғида бўш турган ёки самарасиз иш юритаётган ишлаб чиқариш биноларини бориб кўрди. Улардан самарали фойдаланиш, янги корхоналар ташкил этишни рағбатлантириш мақсадида ушбу бинолар негизида кичик саноат зоналари ташкил этилди. Мамлакатимиздаги кичик саноат зоналари 96 тага етди.

Бугунги кунгача ушбу зоналарда умумий қиймати 535 миллиард сўмга тенг 1021 лойиҳа амалга оширил- ган, 9 минг 600 дан зиёд иш ўрни яратилган. Лойиҳалар доирасида нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлган енгил саноат, кимё, озиқ-овқат маҳсулотлари, электр техникаси буюмлари, замонавий қурилиш материаллари, мебель ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, 248 лойиҳани амалга ошириш натижасида 11 минг янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда кичик саноат зоналарининг сармояларни жалб қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишдаги аҳамияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев тегишли вазирлик, идора ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бу соҳадаги фаолиятини танқид қилиб, уларда ташаббускорлик етишмаслиги, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича ишларни ташкил қилиш даражаси сустлигини таъкидлади.

Хусусан, масъул вазирлик ва идоралар томонидан лойиҳаларни кўриб чиқиш ва мувофиқлаштириш жараёни мураккаблигича қолиб, одатда расмий характер касб этмоқда. Эркин иқтисодий зона қатнашчиларига ер участкалари ажратиш масалаларини ҳал этишда ҳануз бюрократизм асоратлари сақланиб қолмоқда.

“Ургут”, “Қўқон”, “Ғиждувон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналари, шунингдек, фармацевтика йўналишидаги эркин иқтисодий ҳудудларда янги корхоналар ташкил этиш учун хорижий сармояларни жалб қилиш ишлари суст бормоқда. Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини электр энергияси, табиий газ, сув ва бошқа коммуникация тармоқлари билан барқарор таъминлашда муаммолар кузатилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу каби камчиликларни бартараф этиш, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида инвестор ва тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратишга оид комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди. Аввало, ушбу зоналар фаолиятига доир меъёрий-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш, бугунги замон талабларига мослаштириш, барча учун очиқ ва тушунарли механизм яратиш зарурлиги таъкидланди.

Ер участкалари, бўш турган биноларни ажратиш тартибини соддалаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маъмурий кенгаш томонидан кўриб чиқилади. Шу пайтгача бу кенгаш 17 вазирлик ва идора- дан иборат эди. Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ уларнинг сони 4 та этиб белгиланди.

Бу борада янги тизим – ҳудудий комиссиялар ташкил этилиб, уларнинг лойиҳаларни кўриб чиқиш ва рухсат бериш ҳуқуқлари кенгайтирилди. Шунингдек, иқтисодий зоналарда жойлаштириш учун инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш мезони қайта кўриб чиқилади, эркин иқтисодий зона иштирокчиларига кредит ажратишни яхшилаш ҳамда муҳандислик таъминоти воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Йиғилишда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида жойлашган корхоналарни барча зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва инфратузилма билан ўз вақтида таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.