ТАЪЛИМ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ЮКСАК САМАРАЛАР БЕРМОҚДА

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq hayoti» -

Бунда ёшларнинг улуғ аждодларимиз меросини ўрганиши, уларга муносиб авлод бўлиб вояга етиши муҳим аҳамият касб этади.

Улуғ аждодимиз Муҳаммад Хоразмий номидаги чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид мактаб ташкил этилиши ҳам айнан ана шу вазифани амалга оширишдаги илк қадам бўлди. Мазкур мактаб фаолиятининг йўлга қўйилиши ушбу соҳаларда кадрларни ёшлигиданоқ тайёрлаб бориш, уларнинг етук ва замон талабларига жавоб берадиган мутахассислар бўлиб улғайишига замин яратади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилади.

Ушбу мактабларнинг асосий вазифаси этиб юқори малакали ва билимдон ўқитувчи-педагоглар базасини шакллантириш билан бирга, чет тилини ўқитишга ҳам усутвор аҳамият қаратиш зарурлиги белгиланган. Бу каби ихтисослашган мактабларнинг ташкил этилаётгани ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда ҳудудлар имконияти ва салоҳиятини ўрганган ҳолда, 8-9-синф ўқувчиларини касбга йўналтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу таълимнинг кейинги босқичида ўқувчиларнинг ҳунар эгаллашида янги имкониятлар яратади. Эндиликда умумтаълим мактабларида битирувчиларни 50 га яқин касбга ўргатиш йўлга қўйилади. Бунинг учун касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари негизида замонавий жиҳозланган ўқув ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, баъзи касб-ҳунар коллежлари тегишли вазирлик ва идораларга, корхона-ташкилотларга бириктирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда. Бу кадрлар тайёрлашда мазкур муассасаларнинг улушини ошириш ва кафолатланган иш ўринларини яратиш имконини беради.

Президентимиз соҳа раҳбарларига бу борада жойларга чиқиб қайси ҳудудга қандай соҳа бўйича мутахассислар зарурлигини ўрганиб чиқиш вазифасини топширди.

Йиғилишда таълим муассасалари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Хусусан, олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини такомиллаштириш, ёшларга замонавий талаблар асосида таълим бериш бугунги куннинг асосий масалаларидан биридир. Бу борада олий таълим муассасаларига бўладиган тест синовларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга таълим тизими, хусусан, олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишига бўладиган тест синовларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, бунда ривожланган давлатларда синовдан ўтган энг илғор тажрибаларга алоҳида аҳамият қаратиш, тест синовларининг очиқлигини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.