ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ «ФЕРМЕР, ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ ВА ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚАРОРИГА ШАРҲ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг асосий қисми – фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари фаолиятини чуқур таҳлил қилиш асосида ушбу соҳада ўз ечимини кутиб турган масалаларни бугунги кун нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш ва ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 9 октябрдаги ПФ–5199сон Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур Фармон ижросини тўлиқ ва сифатли ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2017 йили 22 сентябрь куни ўтказилган таъсис конференциясида белгиланган асосий вазифалар ва фаолият йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Ташкил этилган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг самарали фаолият олиб боришини таъминлаш, ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгашларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини муҳокама қилишда, ер участкаларини ажратиш билан боғлиқ масалаларда иштирок этиш билан боғлиқ бир қа- тор ҳуқуқлар берилди.

Таъкидлаш лозимки, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиш ташкил этилган кенгашларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ушбу вазифанинг сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига бир қатор ваколатлар ҳам берилди.

Хусусан, қарорда: фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий равишда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан келишилиши шартлиги;

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси лавозими бўйича “Агробанк” акциядорлик тижорат банки кенгашининг таркибига киритилиши;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари раислари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ва туман ҳокимларининг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланиши ҳамда мақоми бўйича уларнинг ўринбосарларига тенглаштирилиши белгилаб қўйилди.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини ташкилий ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга ўз ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишида кўмаклашиш мақсадида туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига комплекс хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди.

Қарор билан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг экин майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди. Чора-тадбирлар дастурида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг молиявий барқарорлигини, ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича 34 та муҳим ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Қарорда қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, фермер, деҳқонларнинг ҳамда томорқа ер эгаларининг шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича янгича тартиб жорий этилди. Унга кўра:

барча фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларида уларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича прогноз ҳажмлар белгиланади;

ҳар йили 1 февралгача фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари билан биргаликда уйма-уй юриб, ҳудуддаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларини хатловдан ўтказади, уларда йил давомида экиладиган экин турлари ва етиштириладиган маҳсулот ҳажмларини оила эҳтиёжи ва сотиш учун мўлжалланган қисмларга ажратган ҳолда аниқлайди, маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар тузилиши, экинларнинг тўлиқ ва сифатли экилиши, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этади. Қарорда белгилаб қўйилганидек: якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участка- ларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган ер эгаларига нисбатан белгиланган ер солиғи ставкасининг уч баробар оширилган миқдори қўлланилади;

деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ер эгаларининг ер участкасига бўлган ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг экин ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда уларнинг жавобгарлигини кучайтириш мақсадида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитасига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва туман ҳокимликларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда бир қатор ташкилий-амалий чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари юклатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фаолиятини молиявий жиҳатдан таъминлаш, унга ҳар томонлама ёрдам бериш мақсадида Молия вазирлиги 2017 йилнинг 1 ноябридан бошлаб фермер хўжаликлари томонидан Кенгашга аъзолик бадали тўлаш учун ҳар йили пахта хом ашёси харид нархини ўрнатишда 0,8 фоиз миқдордаги маблағларни назарда тутиши белгилаб қўйилди.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда экин майдонларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга хизмат қилади.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.