ИННОВАЦИЯ – ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Навоий давлат кончилик институтида “Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлар, муаммолар, истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - ЖАРАЁН - Отабек АСЛОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Ўзбекистон Фанлар академияси, Навоий кон-металлургия комбинати, Фан ва технологиялар агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, Навоий давлат кончилик институти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу халқаро анжуманда мамлакатимиздаги етакчи мутахассислар билан биргаликда, 20 дан ортиқ мамлакатнинг нуфузли университетларидан 60 нафарга яқин таниқли олимлар ва хорижий компаниялар вакиллари қатнашди.

Конференциянинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда ер ости бойликларини ўзлаштиришда замонавий технологиялардан самарали фойдаланилаётгани, бу борадаги илмий салоҳият даражасининг ошаётгани алоҳида эътироф этилди.

Таъкидланганидек, Зарафшон воҳаси йирик индустриал марказ ҳисобланиб, республикамизнинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Етакчи саноат соҳалари кон-металлургия, кимё, энер- гетика, нефть-газ, машинасозлик ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш борасида воҳада имконият ҳам, тажриба ҳам етарли.

Давлатимиз раҳбари томонидан конструкторлик-технологик ташкилотлар ҳамда инновация марказларини ташкил этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада такомиллаштиришга қаратилаётган юксак эътибор инновацион ғояларни яратиш йўлидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, хорижий давлатлар билан барча йўналишларда олиб борилаётган алоқалар бевосита инновацион ғоялар, янги лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга, самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга замин яратмоқда.

Хорижий давлатлар олимлари ва мутахассислари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, фундаментал, амалий тадқиқотлар, янги инновацион ишланмалар борасидаги ютуқларини муҳокама қилиш халқаро конференция кун тарти- бидаги асосий масалалардан бўлди.

– Давлатимиз раҳбарининг эътибори боис вилоятда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Навоий филиали фаолият бошлади, – дейди Навоий давлат кончилик институти илмий тадқиқотлар ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Тўлқин Нурмуродов. – Эътиборлиси, мазкур академиянинг институтимизда жойлашгани илмий салоҳиятни янада юксалтириш, янги ғоялар, илғор ишланмалар, инновацияларни ривожланти- риш, илм-фан ва ишлаб чиқариш жараёнларини уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда. Халқаро конференция доирасида ишлаб чиқарувчи корхоналар ва чет элдан ташриф буюрган олимлар ўртасида янги лойиҳалар юзасидан ўзаро келишувларга эришилди.

Конференцияда илмий тадқиқотлар, инновациялар самарадорлигини кенгайтириш ва ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

– Бағрида Менделеев даврий системасида мавжуд бўлган деяр- ли барча элементларни жамлаган Навоий заминида ташкил этилган нуфузли анжуманда иштирок этаётганимдан мамнунман, – дейди Австриянинг Линц Университети Робототехника институти директори, профессор Андреас Мюллер. – Ўзбекистон илғор фан-техника ютуқларини, инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этаётгани ва бу борада хорижий давлатлар билан кенг кўламда ҳамкорликни йўлга қўйгани билан эътирофга лойиқ. Зеро, қайси соҳада янгилик рўй бермаса ёки илғор тажрибалардан фойдаланилмаса, тараққиёт ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бугунги анжуманда турли давлатлардан ташриф буюрган етакчи олимлар билан ўзаро тажриба алмашиш имконияти яратилгани, истиқболда янги-янги лойиҳаларнинг амалиётга жорий этилишига замин яратади.

Халқаро конференция доирасида 5 та секцияга бўлинган ҳолда хорижий ва мамлакатимиз олимлари томонидан геология, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, қайта ишлаш, кимёвий технология, машинасозлик, энергетика, муқобил энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳалари бўйича 150 дан ортиқ илмий маърузалар муҳокама қилинди, истиқболли лойиҳалар белгилаб олинди.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.