С.СОИПОВ ИШИ ТЎҒРИСИДА

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - “Жаҳон” АА

Жорий йил 31 октябрь куни Американинг Нью-Йорк шаҳрида террор хуружи содир этилди, 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси Сайфулла Соипов уни амалга оширганликда гумон қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг ваколатли идоралари ушбу тахминни тасдиқламоқда. Соипов Сайфулла Ҳабибуллаевич 1988 йил 8 февралда Тошкентда туғилган. 2005 йили касб-ҳунар коллежини тамомлаган, 2005 – 2009 йиллари эса Тошкент Молия институтида ўқиган. Олий ўқув юртини тамомлаганидан сўнг пойтахтдаги “Саёҳат” меҳмонхонасига ҳисобчи бўлиб ишга жойлашган. АҚШга кетгунига қадар С.Соипов жиноий жавобгарликка тортилмаган ва умуман ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътиборига тушмаган.

2010 йили Сайфулла Соипов “грин кард” лотереясини ютган ва ўша йилнинг ўзида АҚШга жўнаб кетган. Сўнгги бир неча йил да- вомида у АҚШда вақтинча истиқомат қилаётган ўзбекистонлик аёл билан фуқаролик никоҳида бўлган. Ўшандан буён С.Соипов Ўзбекистонга бирон марта ҳам келмаган, Тошкентда яшайдиган ўз ота-онаси билан кўришмаган.

С.Соипов АҚШда бўлиши даврида Ўзбекистоннинг дипломатия ваколатхоналарида консуллик ҳисобида турмаган, ҳолбуки амалдаги юридик меъёрларга мувофиқ консуллик ҳисобида туриши лозим бўлган.

Маҳалладаги қўшнилари С.Соиповга ижобий таъриф беришди. Уларнинг айтишларича, у ҳеч қандай шубҳа уйғотмаган, бошқаларга нисбатан доимо ўзини вазмин ва самимий тутган. Фаровон оилада тарбия кўрган. Ота-онаси анъанавий исломга эътиқод қилади ва ҳеч қачон қандайдир экстремистик оқимлар билан алоқада бўлишмаган.

АҚШга борганидан кейин Сайфулла Соипов одамови бўлиб қолган, радикал гуруҳларнинг таъсири остига тушган. Бу ҳақда Америка ОАВ ҳам уни билган одамларнинг фикрларига таяниб шундай хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампга йўллаган таъзияномасида Нью-Йорк шаҳридаги террорчилик ҳаракати оқибатида бегуноҳ кишиларнинг қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этди. Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон томони ушбу террор ҳаракатининг суриштирув ишларига кўмак кўрсатиш учун бор куч ва воситаларини ишга солишга тайёр эканлигини тасдиқлади.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.