ЖАҲОН БОЗОРИГА ЭРКИН ЭКСПОРТ ЙЎЛИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Жиззах вилоятидаги “Бахмал экспорт” МЧЖ раҳбари.

Ҳам оила фаровонлиги ошишига, ҳам жамият равнақига хизмат қилади

Яқинда матбуотда эълон қилинган Президентимизнинг “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини ўқиб, бениҳоя хурсанд бўлдим. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши барча тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очди.

Қарорда кўрсатилганидек, бугунги кунда экспортга йўналтирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг катта қисми кичик ишлаб чиқарувчилар – ёрдамчи хўжаликларда, томорқа ер эгалари томонидан етиштирилмоқда. Мазкур ишлаб чиқарувчилар чет эл харидорлари билан шартномалар тузиш ва рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиши лозимлиги сабабли маҳсулотларини мустақил равишда экспорт қилиш имкониятига эга эмас эди. Мазкур қарор асосида тадбиркорлик субъектларига экспорт контракти тузмасдан уларнинг тўлови ва етказиб берилиши бўйича шартларга риоя қилган ҳолда инвойс асосида мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга ошириш ҳуқуқи берилгани айни муддао бўлди. Ўз даласида етиштирган маҳсулотини бозорга сотиб, оила тебратаётган деҳқонлар эндиликда жаҳон бозори сари қадам ташлайди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи давлатлар қаторида туради. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасида 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунё бозорларига экспорт қилинаётир.

Қарор асосида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига юк божхона декларациясини расмийлаштириш кўрик ҳуж- жати тузилганидан кейин 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда амалга ошириладиган тартиб жорий этилиши деҳқоннинг ҳам вақтдан, ҳам нақддан ютишига олиб келади. Шунингдек, мева-сабзавот ва тез бузиладиган маҳсулотларнинг экспорти учун зарур бўлган сертификат бериш муддати экспорт қилувчи томонидан ҳужжатлар тақдим қилинган вақтдан бошлаб бир иш кунига қадар қисқартирилгани экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи тадбиркорларнинг иккиланишларини бартараф этади. Айтайлик, оддий боғбон ўзи етиштирган мевасини экспортга чиқариш учун маҳсулотини расмийлаштириш учунгина бир неча кун вақт йўқотса, маҳсулот сифати ҳам бузилади, ундан олинадиган даромадга ҳам камайиб кетади.

Қарор билан танишиб чиқиб шунга амин бўлдимки, бу қарор биз тадбиркорлар фаолиятида эркинлик яратиш билан бирга, масъулият ҳам юклайди. Яъни яратилган бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, юртимиз тараққиётига, шу орқали, халқ раҳматига эришмоғимиз лозим.

Корхонамиз мисолида айтадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида 363 минг долларлик маҳсулот экспорт қилишга эришдик. Президентимизнинг ушбу қарори бу борадаги ишларимиз кўламининг кескин ошишида муҳим омил бўлиши, шубҳасиз.

Мақсадимиз ишлаб чиқараётган ва етиштираётган маҳсулотларимиз билан ўзимизнинг эҳтиёжимизни тўлақонли қондириш ва ортган қисмини жаҳон бозорига чиқариш орқали ҳам оиламиз, ҳам аҳоли фаровонлигини юксалтиришдир. Бу эса мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрў-эътиборини янада ошириш билан бирга бугунги доруламон кунлар, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг бардавом бўлишини таъминлайди.

Анвар САФАРОВ,

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.