ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ХАЛҚАРО АНЖУМАННИНГ ЮҚОРИ МАРТАБАЛИ ИШТИРОКЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВЛАР ЎТКАЗДИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница - ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилаётган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга бағишланган халқаро анжуманда иштирок этган Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини, Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф ва Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Европа иттифоқининг Олий вакили билан учрашувда конференциядаги иштирок ҳамда “Европа иттифоқи – Марказий Осиё” Вазирлар учрашуви Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси қабул қилинганининг 10 йиллигида ўтказилгани Европанинг минтақамизга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат бериши қайд этилди.

Европа иттифоқи асосий ҳамкорларимиздан бири бўлиб, Ўзбекистон Европа иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама янада мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори экани таъкидланди.

Учрашувда Европа билан кенг қамровли алоқаларни кенгайтириш борасида сезиларли натижаларга эришилаётгани қайд этилди. Европа иттифоқи билан шерикликни инвестиция, савдо, молиявий-техникавий ҳамкорлик, таълим ва бошқа қатор йўналишларда илғор тажриба ва технологиялар алмашиш соҳасидаги амалий мазмун билан бойитиш томонлар учун манфаатли эканига эътибор қаратилди.

Халқаро ва минтақавий, хусусан, Марказий Осиёда сиёсий ишончни мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Европа иттифоқи делегацияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар билан таништирилди.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Жорий йил сентябрь ойида Остона шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида ўтган олий даражадаги икки томонлама учрашув самаралари Ўзбекистон – Эрон муносабатларининг фаоллашувига хизмат қилгани мамнуният билан таъкидланди.

Ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида кооперацияни мустаҳкамлаш, минтақамизда самарали транспорт-коммуни- кация тармоғини барпо этиш белгиланган. Ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суришда Ҳукуматлараро қўшма комиссия муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Эрон ташқи ишлар вазири Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийнинг эзгу тилакларини етказди.

Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи билан учрашувда шу йил 25-26 октябрь кунлари Ўзбекистон Президентининг Туркия Республикасига давлат ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорлик соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркиянинг етакчи компаниялари ва банкларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилган ҳолда, энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, туризм тармоғини ривожлантириш, шунингдек, замонавий саноат корхоналари ва логистика марказлари барпо этиш бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Нихат Зейбекчи Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Туркия олий даражада эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар тўла амалга оширилишининг қатъий тарафдори эканини таъкидлади.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.