ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири.

Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳри губернатори Георгий Полтавченко бошчилигидаги делегация Андижон шаҳрида бўлди.

Дастлаб меҳмонлар Президентимиз ташаббуси билан янгидан барпо этилган Андижон шаҳрининг “Эски шаҳар деҳқон бозори”да бўлиб, бу ерда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди, сархил мева-сабзавотлар ўрин олган бозор павильонларини кўрди.

Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов билан учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида муҳим келишувларга эришилди.

Пойтахтимизда 2 ноябрь куни Ўзбекистон ва Россия Федерацияси Ҳукумати раҳбарлари иштирокида ўтган учрашув доирасида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва компаниялари ўртасида ўндан зиёд ҳужжат имзоланди.

Икки давлат ўртасида йўлга қўйилган изчил алоқалар самарасида айни пайтда Андижон вилоятида Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигида 34 корхона фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, Хонобод шаҳридаги “Андижонкабель”, Жалақудуқ туманидаги “Алёртекс”, Улуғнор тумандаги “Улуғноринвесттекс” корхоналари фаолияти юқори самаралар бермоқда.

Вилоят рус миллий маданий маркази, рус православ ва христиан черковлари ишлаб турибди. Вилоятда дарс тўла рус тилида олиб бориладиган иккита, аралаш ўқитиладиган олтмиш саккизта мактаб мавжуд, шунингдек, Андижон давлат университети филология факультетининг рус тили ва адабиёти бўлимида 600 га яқин талаба таҳсил олаётир.

Меҳмонлар Андижон шаҳридаги “Lemon international” хорижий корхонасида ташкил этилган кўргазма билан танишди. Кўргазмада вилоятдаги саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди. Меҳмонларга вилоятнинг иқтисодий салоҳияти, амалга оширилаётган янги лойиҳалар, хорижий инвесторларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.

– Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, мевасабзавот етиштириш ва экспорт қилиш бўйича Андижон вилояти катта имкониятларга эга эканини яхши биламиз, – дейди Санкт-Петербург ташқи алоқалар қўмитаси раиси Евгений Григорьев.– Ишонаманки, ушбу соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳар икки томон учун ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Ташриф давомида россиялик меҳмонлар вилоят марказидаги “Садовое” қабристонида бўлиб, Андижонда яшаб ўтган миллатдошлари қабрини зиёрат қилди, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларида бўлди.

ЎзА сурати.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.