ИСТЕЪМОЛГА ЕТАРЛИ, НАВБАТ ҚАЙТА ИШЛАШГА

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ҳусан ТЕМИРОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 300 га яқин балиқчилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, улар 19,4 минг гектар табиий, 1,2 минг гектар сунъий сув ҳавзаларида фаолият олиб боришмоқда. Таҳлиллар шундан далолат беряптики, ўтган йили вилоятда 12,5 миллион дона балиқ чавоқлари етиштирган бўлса, жорий йилда бу рақам 13,2 миллион донани ташкил этмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг 662 тонна балиқ эл дастурхонига етказиб берилди. Шаҳрисабз туманидаги Ҳисорак, Қамаши туманидаги Чимқўрғон, Нишон туманидаги Толлимаржон, Ғузор туманидаги Пачкамар, Яккабоғ, Чироқчи туманларидаги сув омборларида 199 та садок мосламаси ўрнатилди. Йил бошидан буён Қарши ва Нишон туманларида 13 миллион дона балиқ чавоғи ишлаб чиқариш қувватига эга янги инкубация ташкил этилди.

Эътиборлиси, сув ҳавзалари учун талаб этиладиган балиқ чавоқлари ҳудуднинг ўзида етиштирилмоқда. Айни пайтда қуввати 15 миллион дона чавоқ етиштириш имкониятига эга бўлган саккизта инкубация цехи ва 11 та репродуктор хўжалиги қўшни вилоятларга ҳам шартнома асосида балиқ чавоқлари етказиб беряпти.

Етиштирилган балиқ ва балиқ маҳсулотларини сотишга мўлжалланган савдо нуқталари ташкил этишга ҳам эътибор қаратиб келинмоқда. Йил бошидан буён аҳолига қулай ва арзон нархларда балиқ маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида савдо шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Балиқни қайта ишлаш борасида самарали лойиҳалар ҳам амалга ошириляпти. Қарши туманидаги “Намуна балиқчилиги” МЧЖ томонидан йилига 100 тонна балиқни дудлаш қувватига эга бўлган цех ишга туширилди. Қарши шаҳрилик тадбиркор Юсуф Ҳамроев томонидан 150 тонна балиқни дудлаш цехи ишга тушиш арафасида. Бу саъй-ҳаракатлар балиқ маҳсулотларига бўлган талабни қондиришга қаратилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2016 йилда аҳоли жон бошига истеъмол қилинган балиқ маҳсулотлари 1,8 килограммни ташкил этган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични 2,2 килограммга етказиш мўлжалланган. Бу эса аҳоли дастурхонига балиқ ва балиқ маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми сезиларли даражада ортишидан далолат беради.

– Вилоятда балиқчилик йўналишида 33 та лойиҳани амалиётга татбиқ этиш мақсадида иш олиб бориляпти, – дейди “Ипотека-банк”нинг Қашқадарё вилояти филиали бошқарувчиси Шуҳрат Жабборов. – Бугунги кунда 21 та лойиҳа кредит маблағлари ҳамда 7 та лойиҳа тадбиркорларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Йил охиригача яна олтита лойиҳани бажариш кўзда тутилган. Бунинг ҳисобига 150 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Вилоятда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талабини янада тўла қондиришга қаратилган. Зеро, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.