Шахди аҳдига мос боёвутлик пахтакорлар

Боёвут тумани пахтакорлари бу йил 16900 гектар майдонда мўл ва сифатли ҳосил етиштирдилар.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq Hayoti» -

Йиғим-терим ишлари юксак уюшқоқлик билан олиб борилди. Мавсумда 70 дан ошиқ машиналар кучидан тўла қувватда фойдаланилганлиги муваффақиятлар омили бўлди. Қабул масканларига 45 минг 600 тоннадан ортиқ саноат хомашёси топширилди. Ҳосилнинг 90 фоизи юқори навларга сотилди. “Санжарбек Жўраев”, “Нодирбек Адҳамбек Санжар”, “Жумаев Шокиржон Зокирович”, “Жўраев Одилбек Жўрабоевич”, “Жўрабек Жуманазар ўғли” каби фермер хўжаликларида ҳар гектар ердан 36-40 центнердан сифатли хомашё йиғиб-териб олинди.

Жорий йил туманда 3000 тоннадан ошиқ пахта машинада терилди. Қўйдимурод Маликов, Хайрулла Бойзоқов, Абдуқаҳҳор Холбоев каби операторларнинг ҳар бири мавсумда 80-100 тоннадан пахта териб, туман хирмонига муносиб улуш қўшишди.

– Бу йилги ҳосилни тўлиқ машиналар ёрдамида териб олдик, – дейди “Санжарбек Жўраев” фермер хўжалиги раҳбари Носиржон Жўраев. – 25,8 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 40 центнердан пахта топширдик. Ҳосилнинг ҳаммаси юқори навга ўтказилиши баробарида машина терими ҳисобига 10 миллион сўмга яқин маблағ тежалди. Барча майдонга сертола, саноатбоп “Султон” навини эккандик. Бу нав шўр ерга чидамлилиги, кўп сув талаб қилмаслиги, ҳар тупда 20-25 тагача тўқ кўсак тўпланиши билан бизга маъқул келди.

“Боёвут пахта тозалаш” заводида эса янги ҳосилни қайта ишлаш бошлаб юборилди. Корхонада кунига 120-150 тонна пахта қайта ишланиб, 45-55 тонна сифатли тола олинаётир. Пахтанинг толалик даражаси 34-35 фоизни ташкил этяпти. Бу сифат кўрсаткичи ҳам Боёвут пахтасининг харидоргирлигини таъминлайди.

Туман пахтакорлари айни вақтда қабул масканларига яна қўшимча 1000 тоннадан ошиқ пахта топшириш ниятида меҳнат қилишмоқда. Бозорбой БЕКМУРОДОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.