ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИДА ЁШЛАР

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Хабарҳо -

Вилоят давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан Қўшкўпир ва Хива туманларида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.

Унда 165 та корхона ва ташкилот 500 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан қатнашди. Шунингдек, тадбирда тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, ишсиз фуқаролар ҳамда уюшмаган ёшларга иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш юзасидан маслаҳат ва амалий кўмак берилди.

– Тўрт йил олдин тиббиёт коллежини тугатганман, – дейди қўшкўпирлик Ибодат Қутлиева. – Кўп жойга иш сўраб бордим, лекин ижобий жавоб ололмай келаётгандим. Мазкур ярмаркада тумандаги 40-сонли ўрта мактабга ҳамшираликка жойлашдим.

– Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари саналади, – дейди вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Темиров. – Айниқса, ушбу ҳудудларда бўш иш ўринлари ярмаркасининг ташкил этилиши қишлоқ ёшларига катта амалий ёрдам берди. Бундан ташқари, бошқармамизга биркитилган жами 100 та маҳалла фуқаролар йиғинида уйма-уй юриб, қишлоқлардаги долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни жойида бартараф этиш, туман ва вилоят миқёсида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар юзасидан таклифлар тайёрлашга эришилмоқда. Натижада кўплаб оилавий, ижтимоий-маиший, меҳнат миграцияси, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тадбиркорлик субъектларида мавжуд муаммоларга ечим топиш ҳамда ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш каби масалалар бевосита маҳаллаларнинг ўзи-

да ҳал этилмоқда.

Ярмаркага ташриф буюрганларнинг асосий қисмини касб-ҳунар коллежи битирувчилари, ишсиз фуқаролар, жазодан озод этилган шахслар ҳамда вақтинча чет давлатларда ишлаб қайтган ёшлар ташкил этди.

– Маълумотим ўрта махсус, – дейди тадбир қатнашчиси Муҳаммад Мирзаев. – Икки йил олдин коллежни тугатдим. Мутахассислигим бўйича иш топа олмагач, чет давлатларда ишлаб қайтдим. Бугунги меҳнат ярмаркасида тумандаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирига ишга йўлланма олдим. Ўзим қатори ёш мутахассисларга яратилаётган бундай имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан.

Меҳнат ярмаркаси натижаларига кўра, иштирокчилардан 63 нафарига доимий иш ўрни учун йўлланма берилди, 40 нафари касбга ўқитиш курсларига жалб қилинди, 300 нафарга яқин коллеж битирувчилари эса ўз мутахассисликлари бўйича керакли маслаҳатлар олди.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.