Муаммолар очиқ мулоқотда ечимини топди

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Вилоят давлат cолиқ бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий инспекциялари томонидан тадбиркорлар, экспортчи корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Қўшкўпир туманида ташкил этилган тадбирда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, мамлакатимиз инвестиция муҳити даражасининг халқаро рейтингини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз борди.

Учрашув давомида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган тадбиркорларнинг мурожаатлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Қўшкўпир тумани Ғозовот қишлоғидаги “Ғозовот деҳқон бозори” ёнида жойлашган узоқ йиллардан буён фойдаланилмасдан турган, қурилиши тугалланмаган бино Илҳом Маткаримов ва Комилжон Нуримовларга тадбиркорлик фаолияти учун берилиши масаласи қонуний ҳал қилинди. Мазкур бинода нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйиладиган бўлди.

– Бугунги тадбирда мурожаатим ечим топганидан мамнунман, – дейди Комилжон Нуримов. – Эндиликда ушбу бинода нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқармоқчимиз. Жорий йилнинг ёзида корхонамиз тўлиқ ишга тушади. Қишлоғимиз ёшларидан 5 нафарини иш билан таъминлашни режалаштирганмиз. Солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга берилаётган амалий ёрдамдан миннатдормиз.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари туманнинг Ўзбекёп қишлоғидаги “Қўшкўпир парранда” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур корхона тухум ва гўшт йўналишидаги паррандачилик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Корхона раҳбари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида Германиядан 8 та парранда боқиш ускунаси олиб келишни режалаштирган. Лойиҳага кўра, 15 миллиард сўмлик инвестиция киритилиши, қўшимча 50 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Корхона раҳбари томонидан ҳудуддаги бўш турган бинонинг “0” қийматда берилишида амалий ёрдам сўралди.

Келажакда ушбу бинода парранда гўшти ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, бунинг учун 1 миллиард сўмлик инвестиция киритилиши ҳамда 13 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Мазкур мурожаат ижроси юзасидан туманнинг тегишли ташкилот раҳбарларига амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан таклифлар берилди. Болтабой МАТҚУРБОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.