ёхуд пишиқчиликда бироз пишиқроқ бўлайлик!

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ҳамиджон БУРҲОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Эрталаб ишга кетаётиб, маҳалладан катта кўчага чиқиб олгунча қанчаданқанча ўрикларни машина ғилдирагида эзиб ўтяпмиз. Дарвозаси олдига ўрик эккан одам шу тўкилган ўрикларни териб офтобда қуритиб қўйса-чи?..

...Ишхонага кираётиб кўзим тушди, ишхона ёнидаги кичкина хиёбончада кўм­кўк ўт устида дарахтдан тўкилган ўриклар сочилиб ётибди. Тоза, покиза турибди ўт устида. Шу ердан ишига кириб кетаётганлар қўлига пакетча олиб териб ишхонасига олиб кириб кетса, ҳамкасблар маза қилиб ейишса­чи? Бу шаҳарда, қишлоқларда қандай экан? Ишқилиб, Аллоҳ берганининг уволи тутмасинда...

Йўлдан ўтиб кетаётиб ердаги тўкилиб ётган ўриклар ёнида гаплашиб турган аёллар ёнига бордим.

– Бу ўрикларни териб олсаларинг бўлмайдими, жуда увол бўлибди, ейилмаса қуритиб қўйилади, – дедим уларга қараб.

– Ўрик бизники эмас, бесўроқ териб олсак гуноҳ бўларкан, – деди ўрта яшар аёл.

– Ўша ўрик эгасининг ўзи нега териб олмайди ёки сизларга “биз розимиз, териб олинглар” демайди, – дедим эътироз билдириб.

Ўзганинг тўкилган мевасини рухсатисиз териб олиш катта гуноҳлигини айтган “тақводор” киши қўшниларга, маҳалладаги муҳтож оилаларга ортган меваларидан бериш савоб, уни бу ҳолда қолдириш эса увол эканлигини ҳам айтмаб- ди­да, деган фикр ўтди хаёлимдан.

Ҳозир ёзда ёш болаларни меваларга тўйдириш, катталар ҳам ҳар куни маълум миқдорда ёз неъматларидан истеъмол қилиши керак. Чунки ҳўл мева таркибида дармондорилар кўп. Айниқса, ўрикнинг юрак ва қон­томир касалликларининг олдини олишда, уларни даволашда нафи катта. Бу ҳақда қанча исбот керак бўлса, бор. Афсуски, ҳўл мевалар сочилиб ётгани билан ҳамма пишиқчилик даврининг ўзидаям тўйиб ҳўл мева еётгани йўқ. Ахир, қанча одам “дом”ларда яшайди.

Фарғона вилоятининг Риштон, Олтиариқ, Бағдод, Бешариқ туманларида халқимизнинг яхши анъанаси давом этиб келади. Боғбонлар фермер хўжаликларидаги ўнлаб гектарларда барпо қилинган ўрикзорлар ҳосилини офтобда қуритиб бўлганларидан кейин ерда қолганларига ғазанак мавсумини эълон қилишади. Вақти бўлган ота­она- лар ёнларига ўсмир болаларини олиб ғазанак теришга чиқадилар. Ерда қолиб кетган, ўт орасида яшириниб қолган қуриган ўриклар териб бир жойга тўпланади. Ҳар бир оила ўртача 100­200 килограмм атрофида ғазанак қилиши мумкин. Баъзи ёлғиз чиққан одамлар 20­30 килодан ўрик тўплайдилар. Ҳозирги кунда аксарият туманларда хориждан келтирилган қуритиш механизмлари ишлаб турибди. Лекин бу агрегат ҳамма жойда йўқ. Ҳамма ҳам олиб келолмайди. Демак, оилаларда, қишлоқларда бундай агрегатлар қачон келса, мевамизни қуритамиз, деб кутиб туриш яхши эмас. Борига барака қилиб, ёз ноз­неъматларини қуритиб олишимиз шу куннинг долзарб вазифаси бўлиб турибди.

Данак тўплаш ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Аслида, бу данак тўплаш жуда ғалати туюлса­да, бозордан шўрданак харид қилган вақтингизни кўз олдингизга келтирсангиз, тушу- ниб оласиз. Бир килограмм шўрданакнинг баҳоси Фарғона, Қўқон, Марғилон бозорларида 9 минг сўмдан 20 минг сўмгача. Тўйларга, меҳмонлар олдига шу неъматдан қўйилмаса, бир жойи камдек кўринади. Бундан ташқари, ўрик мағзидан қандолатчиликда, парфюмерия ва фармацевтика саноатида самарали фойдаланилади. Нафақат ўрик данаги, балки шафтоли, бодом, аччиқ бодом мағизларининг шифобахшлиги ортиқ даражада. Албатта, меваларнинг данагини тўплаганлар кам бўлмаган. Узум, анор данакларидан фойдали мой олиш тажрибасини ҳам ўқиганлар ёки эшитганлар бордир...

Ҳозир хонадонларга экилган помидор, қалампир кўчатлари ҳам авжи ҳосилга кирди. Уларнинг ҳосили мўл. Бироқ уларни ҳам чиритиб ўтирмасдан, “бозорда кетмаяпти”, деган сўзни рўкач қилмасдан, ота­боболаримиздан қолган тажрибадан унумли фойда- ланишимиз керак. Помидор қоқи қишда жуда яхши озиқ ролини ўтайди. Ҳозир помидорни офтобда қуритиб, ипга тизиб қўйилса, қишда овқатга ишлатилади, шакароб қилиб тановвул қилинса, жуда яхши наф беради.

Бувайда туманидаги Оққўрғон қишлоғи аҳолиси ўз томорқаларида 1,5 минг гектардан ортиқ ерда анжир ўстиришган. Бу жаннат мевасининг ҳўллигида ҳам, қуруғида ҳам инсон саломатлигини сақлашда, профилактика ишларида фойдаси катта. Улар қуриган анжирни ҳаштак дейишади. Қоп­қоп қуритилган анжир қишда чойга солиб истеъмол қилинса, тумов, йўтал ва бошқа бир неча хил касалликларни даволашда қўл келиши улуғ ҳакимларимиз томонидан ёзиб қолдирилган. Ҳозирги тиббиёт олимлари ҳам шу фикрни тасдиқлаб, кўпчиликка анжир истеъмол қилишни буюрадилар.

Баъзи жойларда тадбиркорларнинг ўзлари қуритиш линиялари қуришмоқда. Лекин қуритиладиган ноз­неъматлар оз бўлган жойда ўзимизнинг усул анча осон ва оддий кечади. Ҳар бир ишга юқоридан ёрдам кутиб туриш, кўрсатма сўраш яхши эмас.

Хуллас, халқимизнинг “Ёз ювиғи – қиш озиғи” деган мақолига амал қилсак, кам бўлмаймиз. Дарахтдан тўкилган меваларни исроф қилиш гуноҳлигини, уларни қуритиб қишга асраб қўйиш, ўзимиздан ортганини бозорда сотиш, бошқаларга улашиш савоб иш эканини унутмасак бўлгани. Аллоҳ бизга ол қўлим, деб қўш­қўллаб берсаю, биз бир қўлимизнигина чўзиб, ризқимизни увол қилиб ўтирмайлик.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.