Импорт ґрнини босувчи дорилар

“Сирдарё-фарм” ЭИЗда ишлаб чиқарилмоқда

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница -

Президентимизнинг 2017 йил 3 майдаги фармонига мувофиқ Сирдарё вилоятида “Сирдарё фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган эди. Доривор ўсимликлар етиштириш мақсадида ташкил қилинган ЭИЗга 212 гектар ер ажратилганлиги иш самародорлигини таъмин этади.

Эркин иқтисодий ҳудудда қиймати 160,9 миллион долларлик 12 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 2018 йил охиригача мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобига четдан олиб келинаётган 10,5 миллион долларлик импорт маҳсулотлар келтирилишини қисқартириш кўзда тутилган.

Бугунги кунгача мазкур ҳудуддаги 5 та корхонага тижорат банклари томонидан 112,9 миллиард сўм ҳамда 10,3 миллион евро миқдорида кредит маблағлари йўналтирилди. Сирдарё ЭИЗ таркибига кирувчи “Темур мед фарм” МЧЖ ва “Река мед фарм” қўшма корхоналарида инфизион қоришмалар, “Бахттекс-фарм” МЧЖда тиббиёт воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Янги ташкил этилган “PHARM PLAST HOLDING” МЧЖга майдони 11,5 минг квадрат метр бўлган бўш бино-иншоотлар “нол” қийматида берилди. Ҳозирда янги корхонада бир марталик тиббиёт идишлари ишлаб чиқарилмоқда.

Эътиборли жиҳати, Корея Республикасининг “Далим фарматекс” ва “Шинамед” компаниялари билан ҳудудда инсулин шприц ва инсулин дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича, Бангладешнинг “Юнимед Юнихелс” компанияси билан эса фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Ушбу лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, шубҳасиз, вилоят иқтисодий салоҳияти юксалишига, тиббиётга доир импорт маҳсулотлари четдан киришини қисқартиришга хизмат қилади.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.