ИССИЈХОНА Х¤ЖАЛИГИ

сувни тежайди, рґзІорни обод іилади

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Сирдарё туманининг сув етиб бориши қийин бўлган ҳудудларида миришкор деҳқонлар иссиқхона қуриб, унинг имкониятидан оқилона фойдаланмоқдалар. Бугунги кунда тумандаги маҳаллаларда 41 та иссиқхона ташкил этилиб, уларда мўл ва баракали ҳосил етиштириб келинаётир.

“Қуёш” шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи Раънохон Нишонова деҳқончилик сирларини отасидан ўрганган. Оилада бўш вақт топилди дегунча, бутун оила аъзолари томорқада енг шимариб ишлар эди. Помидор, бодринг, сабзи, кўк пиёздан тортиб, бақлажон ва булғор қалампиригача томорқасида етиштирилар, оила эҳтиёжидан ортганидан мўмайгина даромад ҳам топишарди. Миришкорлик ҳислати Раънохон келин бўлиб тушган хонадонда ҳам давом этди. Келиннинг қадами қутлуғ келиб, Нишоновлар оиласи ҳам томорқада мўл мева-сабзавот ва кўкатлар етиштира бошлади.

Бундан 7 йил аввал Раъно Нишонова банкдан салкам 5 миллион сўм кредит олди ва ушбу маблағ эвазига 4 сотихлик томорқасида енгил конструкцияли замонавий иссиқхона барпо этди.

– Банк қарзидан тезроқ қутулайлик, деб ҳаммамиз тер тўкиб ишладик, – дейди у. – Барчамиз ишли бўлсак-да, иссиқхона хўжалигига жон-танимиз билан ёпишдик. 18 ойга олинган кредитни муддатидан аввал тўлаб, банкнинг ишончини қозондим. Шундан сўнг чорва учун кредит расмийлаштириб, қорамол сотиб олдик. Ҳам иссиқхона, ҳам чорва рўзғоримизга барака келтирди.

Тажрибали томорқачилар ҳар йили даромадларини жамғариб, рўзғори эҳтиёжига эзгу мақсадларига сарфлашмоқда. Бир йил ҳовлининг бир четидан янги иморат қад ростлади. Кейинги йили келин туширди. Фарзандларини олийгоҳларда ўқитди. Бу йилги даромаддан енгил машина сотиб олишни ният қилаётган хонадон соҳиблари қут-барака ҳалол меҳнат ортидан келишини тўла англаб етишади.

Кексаларимиз ҳалол меҳнат қилганнинг ризқи бутун бўлади, деб беҳуда айтишмаган. Иссиқхонада бу йилги ҳосил ҳам мўл бўлди. Харидорлар зироатчини овора қилмай, иссиқхонанинг ўзидан маҳсулотларни олиб кетишди. Кўчатлар ва ишлов учун 1 миллион сўмлик маблағ сарфланган бўлса, етиштирилган помидор ва булғор қалампирини 10 баробар ортиғига пуллашди. Ана энди дорамадни ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг.

“Қуёш” шаҳарча фуқаролар йиғини маслаҳатчиси вазифасини ҳам аъло даражада уддалаётган Раъно Нишоновадан ибрат олиб, хонадонида иссиқхона ташкил этганлар сафи йилдан йилга кенгайиб боряпти. Хусусан, Зуҳрахон Нарзуллаева, Сафаргул Каримова, Наргиза Нишоновалар ҳам томорқаларида иссиқхона қуриб, экин-тикиндан баракали ҳосил етиштириб келишмоқда.

– Президентимиз шу йил 29 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида сувдан оқилона фойдаланиш, уни исроф қилмаслик бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берди, – дейди Раъно Нишонова. – Ҳозир биз фойдаланаётган иссиқхоналар очиқ томорқадагига нисбатан обиҳаётни 70 фоизгача тежаш имконини беради. Қолаверса, иссиқхонада икки-уч марта ҳосил етиштириш ҳисобига даромадни ҳам шунча ошириш мумкин. Шунинг учун сув танқислиги сезилаётган хонадонларда иссиқхона барпо этиш обиҳаётни тежаш баробарида, оилага барака олиб келишини хонадонма-хонадон юриб тушунтиряпмиз. Биринчи экиндан бўшаган иссиқхонага иккинчи экинни экиб, даромад топяпмиз. Бу экинлар даромаддан ташқари йил давомида ҳовлимизга кўклам ифорини бахш этиб туради. Бозорбой БЕКМУРОДОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.