«П¤РСАНГ ЁШЛАРИ»НИНГ ШИЖОАТИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Республикамиз бўйлаб «Ҳосилга ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги» давом этаётган айни кунларда бободеҳқонларимиз ғўза парвариши билан бирга пишиб етилган буғдой ҳосилини ўриб-йиғиб олиш ишларини ҳам якунига етказиш арафасида. Кўпгина фермер хўжаликлари аллақачон шартномавий режаларини ошиғи билан уддалаб, такрорий экин экиш ишларини бошлаб юбордилар.

Янгиариқ тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи ўринбосари Одилбек Матчонов ҳамроҳлигида туман фермер ва деҳқон хўжаликларида олиб борилаётган ишлар билан танишдик.

– Бу йигит Зафарбек Отажонов бўлади, – деди у дала бошида ғўзага сув очаётган сувчиларга нималарнидир уқтираётган алпқомат йигитни кўрсатиб. – У 2015 йилда ўз тенгқурларини тўплаб пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган “Пўрсанг ёшлари” фермер хўжалигини ташкил этди.

Фермер далаларида ғўзага сув тараш ишлари қизғин олиб борилаётир. Ишни икки навбатда олиб бораётган сувчилар обиҳаётнинг ҳар бир қатрасидан оқилона фойдаланишмоқда. Ғўза “шарбат” усулида суғорилмоқда. Фермер ишчиларга етарлича ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни муҳайё қилган. Хусусан, шинамгина дам олиш жойи ва кундалик иссиқ овқат билан таъминланган.

– Пахта ва ғалла режасини ҳар йили ортиғи билан бажариб келяпмиз, – дейди З.Отажонов. – Бу йил ҳам 20 гектар ерга пахтанинг “Омад” навини экиб, суғориш олдидан зарур агротехник тадбирларни ўтказдик. Хўжалигимизда бу йил 19,5 гектар майдонда ғалла экилган эди. Ҳозирда ўрим-йиғим мавсумини якунлаб, давлатга ҳар гектар ердан 60 центнердан дон топширдик.

Деҳқонлар пахта ва ғалладан ташқари, бўш ерларга мош, картошка, пиёз ва бошқа сабзавот экинлари экиб парваришламоқда. Энди буғдойдан бўшаган далаларни ҳам пешма-пеш ҳайдаб, такрорий экин экиш ишларини бошлаб юборишди.

“Пўрсанг ёшлари”да Зафарбек билан биргаликда 12 нафар ёшлар ҳам меҳнат қилишмоқда. Қисқача айтганда, фермер хўжалиги аъзоларининг азму шижоати барчага ўрнак бўлаётир.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.