Миришкорнинг обод гґшалари

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ҳусан ТЕМИРОВ

Миришкор туманидаги Помуқ қишлоғида 20 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ота-бобоси чорвачилик ва деҳқончилик билан машғул бўлган элни кейинги йилларда муаммоли масалалар қийнаб келарди. Бугун эса ижтимоий соҳадаги қийинчиликлар “Обод қишлоқ дастури” доирасида ўз ечимини топмоқда. “Гулобод”, “Помуқ”, “Эгначи”, “Малла”, “Янги қишлоқ”, “Баҳористон” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли бунёдкорлик ва ободончилик ишларидан мамнун бўлмоқда.

– Ёшим саксон бешга яқинлашиб қолди, – дейди кекса чўпон, меҳнат фахрийси Жалил Сатторов. – Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга беғараз кўмак ҳеч бир давлатда йўқ бўлган бағрикенгликдан нишона. Қисқа муддатда йўлларимиз равон, турар жойларимиз обод бўлди. Ишчи гуруҳи аъзолари ҳар бир хонадонда бўлиб, муаммоли масалаларни жойида ҳал этмоқда.

– Эски уйда қийин аҳволда яшар эдик, – дея суҳбатга қўшилди Мақсуда Жумаева. – Олийҳиммат инсонларга ҳурматим чексиз. Уларни дуо қиламиз. Уйимиз томини ёпиб, эшик ва ромларни замонавийсига алмаштириб беришди. Тамомила янгича кўринишга эга бўлган уйимиздаги бу шинамлик ва орасталикдан ғоят хурсандмиз.

“Эгначи” маҳалла фуқаролар йиғинида бунёд этилган 10 та намунавий лойиҳа асосидаги турар жойлар, 37-ўрта мактабда қад ростлаган қўшимча ўқув биноларини кўриб, кўзингиз қувнайди. “Баҳористон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам “Обод қишлоқ” дастури бўйича катта кўламдаги ишлар амалга оширилди. 4 миллиард 252 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилди. 122 та уй-жой сифатли таъмирланди, 13 та кўп қаватли уй ўзгача чирой очди. Электр, газ таъминотидаги муаммолар ўз ечимини топди. Автомобиль йўли ва пиёдалар йўлаги таъмирланиб, гулзорлар яратилди. Бошқа ободонлаштириш тадбирларига қарийб ўн миллион сўм маблағ сарфланди.

– Воҳамизнинг энг чекка, узоқ қишлоқларидан бири Помуқда олиб борилаётган бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилади, – дейди вилоят ҳокимлиги иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодир Ҳамроев. – Қишлоқда дастур доирасида 17 миллиард 300 миллион сўмлик қурилиш, ободончилик ишлари бажарилади. Вилоятимиз бўйича 13 та тумандаги 28 та қишлоқда апрель ойидан бошланган ишлар кенг кўламда давом этяпти. Дастурга кўра, 14 минг 909 та уйжой таъмирланиши лозим. Бунинг учун 85 миллиард 578 миллион сўм сарфланиши кўзда тутилган. Ҳозиргача 4288 та уйжой таъмирланди. Бунга 23 миллиард 515 миллион сўм сарфланди. Бундан ташқари, кўп қаватли уйларда ҳам ободончилик, кўкаламзорлаштириш юмушларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қисқа муддат ичида Миришкор туманидаги Чандир, Жейнов, Касби туманидаги Муғлон, Нишон туманидаги Пахтакор, Байналмилал, Қарши туманидаги Қовчин, Падарон сингари ўнлаб қишлоқлар чиройига чирой қўшилди.

Ҳа, давлатимиз қишлоқ аҳли турмуш шароитига ҳам бефарқ эмас. Шаҳарга тенглашиб бораётган ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий масалалар ўз ечимини топаяпти. Бу эса халқнинг давлатга, унинг оқилона, одилона йўлига ишончи тобора ортиб бормоқда.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.