«Бахт – }аракат меваси»

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Марям БЕГИМОВА

Халқимиз асрлар мобайнида маънавий фазилатлари, ўз қарашларини шакллантириб мақсадга эришган. Қолаверса, жамиятимизнинг моддий бойлигини кўпайтириш йўлида жон куйдирган киши меҳнати билан шарафланади, эзгу ишлари билан ҳурмат топади. Инсон қанчалик билимли бўлса, унда камтарлик хислатлари шунча ривож олади.

Камтарин киши эса ўз фаолияти давомида нимага эришмасин, ким бўлиб етишмасин, ҳеч қачон буни бошқаларга кўз-кўз қилмайди, мақтанмайди. Эл-юртга муҳаббатини ошириб, инсонларнинг бирор ташвиши бўлса, уларга кўмаклашиш ва дўстлашиш каби яхши ниятларга ошно бўлади.

Бахтиёр Матёқубов мактабни тугатибоқ, тақдир тақозоси билан хусусий тадбиркорликда иш бошлаган бўлса, 2012 йили Тошкент молия институтини тугатиб, яна хусусий тадбиркорлик билан шуғулланди.

Бахтиёр асли зиёлилар оиласида камолга етган. Отаси Иброҳим ака Матёқубов бутун умр мактабда ўқитувчилик қилди. Кексалик даврида Боғот туманидаги “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлади, элнинг қувончу ташвишларига шерик бўлди. Онаси Роҳат опа Бекметова ҳам тумандаги 7-мактабда ёш авлодга таълим-тарбия берди.

2012 йили Б.Матёқубов ўзи туғилиб ўсган Боғот туманида “Бахт – ҳаракат меваси” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди. Жамиятнинг асосий фаолияти йил давомида ички истеъмол бозорини сабзавотлар, картошка, мева ва узум маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, шунингдек, ташқи бозорда харидоргир бўлган ҳўл мевалар экспортини амалга оширишдан иборат бўлди.

– Жамиятимизда 10 киши доимий иш билан таъминланган, мавсумий 100 нафаргача ишчи-хизматчи фаолият олиб боради, – дейди у. – 2012 йилда сиғими 500 тонналик музлатгич омборини ишга туширган бўлсак, 2014 йилда омборхона сиғимини янада ошириб, 1000 тонна сиғимли музлатгич омборини қурдик. Ҳозирги кунда иккала омборимиз ҳам тўла қувват билан ишлаб турибди.

– 2017-2018 йилнинг қиш-баҳор ойларида ички исътемол бозорларини тўлдириш учун 200 тонна сабзи, 90 тонна картошка, 300 тонна мева-сабзавот маҳсулотларини ғамлаш белгиланган бўлиб, амалда 700 тонна сабзи, 600 тонна ҳўл мева ва сабзавотлар, 100 тонна узум халқимизга етказиб берилди. 2017 йил давомида Россия ва Қозоғистонга 468 минг АҚШ доллари қийматида қарийб 2353 тонна миқдорида ҳўл мева, узум ва сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.

– Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти учун пластмасса идишларга бўлган талаб ошиб бормоқда, – дея давом этди у. – Шуни инобатга олган ҳолда, жамиятимизда замонавий дастгоҳлар ёрдамида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаш учун пластмасса яшиклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида 3 та янги иш ўрни ташкил қилинди. Бундан ташқари, келгусида экспорт ҳажмини янада ошириш мақсадида тумандаги Бешариқ қишлоғида 1 гектар майдонда экспортбоп помидор ва бодринг маҳсулотларини етиштириш бўйича замонавий типдаги иссиқхона қурилиши якунланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 820 минг АҚШ долларини ташкил қилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида 200 тонна экспортбоп полиз ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилиб, 10 та янги иш ўрни яратилди.

Эндиликда Бахтиёр Матёқубов жамиятни мева-сабзавот кластерига айлантириш муносабати билан қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 5 гектар ерда замонавий иссиқхона (гидропоника) ташкил қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мева-сабзавотларни қуритиш цехи ва лаборатория биноларини қуриш учун туман ҳокимлиги томонидан 0,70 гектар ер майдони ажратиб бериш бўйича таклифлар тайёрлаб, вилоят комиссиясига тақдим қилган. Бугунги кунда ушбу кластер таркибидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар билан маҳсулотларни сотиб олиш юзасидан шартномалар тузиш ишлари олиб борилмоқда.

Зиёлилар оиласида тўғри тарбия топганлигининг исботи нафақат унинг, балки опа-укаларининг ҳам илмли, жамиятимиз равнақига ҳисса қўшадиган, қобил фарзандлар бўлиб вояга етганида намоён бўлади. Катта опаси Дилдора – шифокор, иккинчи опаси Марямжон эса ота-онасининг изидан бориб, таълим соҳасини танлаган. Кичик опаси Ойгул, укалари Давронбек ва Умрбеклар хусусий тадбиркор, Анварбек Тошкент шаҳридаги “IBRAT LIZING SERVIS” МЧЖ раҳбари. Укалари ҳам Бахтиёрнинг изидан бориб, ҳозирги кунда ўз мақсад ва режаларини амалга оширишмоқда.

Бахтиёр турмуш ўртоғи Умида билан икки нафар ўғил ва икки нафар қизни тарбиялаб, вояга етказди.

Б.Матёқубов Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Хоразм вилояти кенгаши аъзоси, Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши депутати.

2014 йил партия қошида “Адолат жилғалари” истеъдодлар клуби ташкил этилди. Иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида клуб томонидан “Адолат дўпписи” ва “Адолат белбоғи” билан тақдирлаш йўлга қўйилган. Ушбу совринларга ва клуб фаолларининг шеърий китобларини чоп этишда Бахтиёр ўз ёрдамини аямай ҳомийлик қилиб келяпти. Бу эса ёшларни янада илдам боришга чорлайди, албатта.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.