ЯШИННИНГ «ЯШИЛ ХАЗИНАСИ»

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница -

Яқин-яқингача унинг номини биров билиб, биров билмасди. Томорқасида иссиқхона қурди-ю, бири икки бўлди, меҳнату саховати билан элга танилди.

– Ҳар йили томорқага маккажўхори, беда экардик, – дейди Яшин Қунназаров. – Тирикчилик-да, ҳовлида мол-ҳол бор. Экканимиз шуларнинг озуқасига ярайди. Иш йўқ, деб қаерларга бориб, меҳнат қилмадик?! Бир сафар Қибрай туманида 4 сотихгина томорқаси бўлган одамнинг уйида 5-6 ой ишладим. Ваҳоланки, қишлоғимизда энг кам томорқа 15 сотихдан зиёд. Албатта, у кишидан меҳнат ҳақи олганман, лекин, муҳими, ўша ерда ўрганганларим бўлди. Кичиккина иссиқхонаси орқали тўла-тўкис яшаётган “хўжайин”га ҳавасим келди.

Икки йил бурун томорқамизда 5 сотих иссиқхона ташкил этдим. Шукрки, бировдан кам эмасмиз. Рўзғоримиз обод.

Дарвоқе, маҳаллада томорқасиз оила йўқ. Бироқ ҳамманинг ҳам рўзғори тўкис эмас, барчаси ҳаракатга боғлиқ. Яшин ака эса ҳовлисидан “хазина” топганлардан.

Томорқачининг айтишича, иссиқхонада уч марта ҳосил етиштирилар экан. 7-8 тоннагача помидор маҳсулотлари олинаркан. Харажатлардан ташқари, 20-25 миллион сўм даромад нақд. Муҳими, ҳар жойдан иш қидирмайди. Оила аъзоларининг барчаси иш билан банд. Топганлари тўйга ҳам етяпти. Байрамларда қишлоқдошларга саховат ҳам кўрсатилаётир.

Нуриддин БОЛИЕВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.