Ободлик бир кунлик иш эмас

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Отабек АСЛОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда вилоятнинг 69462 нафар аҳоли истиқомат қиладиган 9 та ҳудудидаги 17 та қишлоқ ўзига хос замонавийлик касб этмоқда.

Дастлаб Томди туманининг Ўтамурод, Учқудуқ туманининг Қулқудуқ, Хатирчи туманининг Хўжақўрғон, Нурота туманининг Чуя, Қизилтепа туманининг Маликобод қишлоқларида 445 та ноқонуний қурилиш бузилиб, 10789 та хонадондан 5313 тасида таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. “Қизилқумцемент” АЖ томонидан 17 та қишлоқда савдо шохобчалари ташкил этилгани аҳоли учун қатор қулайликларни яратмоқда.

– Дастур доирасида 25 та мактаб, 28 та боғча, 10 та тиббиёт муассасаси ва 2 та коллежда таъмирлаш ишлари бошланиб, айни пайтгача 6 та мактаб, 5 та боғча, 2 та тиббиёт муассасаси ва 1 та коллежда ишлар якунланмоқда, – дейди вилоят ҳокимлиги котибият мудири Акбар Ниёзов. – Шунингдек, бу ерда 78 та инфратузилма объектини қуриш­таъмирлаш кўзда тутилган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган аҳоли қатламининг уй­жойларини таъмирлашга 15,4 миллиард сўм ҳомийлар маблағи жалб этилди. 12 минг хонадон ички ишлар, тиббиёт, кадастр ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, 10,5 минг фуқарога кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилди. Шунинг баробарида янги иш ўринларини яратиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилди. Шунга асосан умумий қиймати 89,2 миллиард сўмлик 1161 та лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 4 минг 178 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Учқудуқ туманининг “Олтинтов” ОФЙ Қулқудуқ овулида ҳам “Обод қишлоқ” дастури бўйича ишлар жорий йилнинг апрель ойидан бошланган бўлса, ҳозирга қадар қатор амалий натижаларга эришилди. Айни кунда мазкур овулда 131 хонадон мавжуд бўлиб, уларда 706 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Овулга текис ва равон йўлдан кириб бораркансиз, обод кўчалар, бир­биридан кўркам ижтимоий соҳа объектларини кўриб, кўз қувнайди. Айниқса, овулга кира- веришдаги мўъжазгина болалар боғчаси доим гавжум. 40 ўринга мўлжалланган ушбу муассасада 908 миллион сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилгач, муассаса ниҳоятда кўркамлик ва замонавийлик касб этди. Учқудуқлик йўлсозлар маҳаллий аҳамиятга эга бўлган 1,5 километр автомобиль йўлида 550 миллион сўмлик асфальтлаш ишларини бажаришди. Шунингдек, аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, 4 та трансформатор 15,5 миллион сўм маблағ эвазига жорий таъмирланди. Ҳозирда ҳудуддаги “Ерлар ота” зиёратгоҳидаги табиий булоқдан овулгача 5,5 километр масофада ичимлик суви қувурлари тортиб келинмоқда. Маҳалла гузари, қишлоқ врачлик пункти ва мактабларда бунёдкорлик ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Нурота туманининг Чуя ҳудудидаги ишлар ҳам киши ҳавасини келтиради. Бугун бу қишлоқ инфратузилмаси тубдан янгиланиб, ўзгача чирой очди. Туманнинг Сойкечар қишлоғида ишлар бошланганига бир ойдан ошди. Бу ердаги 368 та аҳоли хонадонларини, жумладан, 25 та кам таъминланган оилалар уйларининг том қисмини тў- лиқ шиферлаш режалаштирилган. Шунингдек, бу ҳудудда 14­мактаб ва “Сойкечар” ҚВП капитал таъмирланиши, 1 та мактабгача таълим муассасаси янгидан қурилиши, 15 та савдо дўкони, маиший хизмат кўрсатиш уйи, бозор, сунъий қопламали спорт майдончаси ва маҳалла гузари барпо этилиши кўзда тутилган.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида Нурота тумани электр тармоқлари корхонаси томонидан қишлоқ аҳолиси учун янгидан 6 километр электр тармоқлари ва 1 дона янги трансформатор ўрнатилиши, мавжуд 8 та трансформаторни жорий таъмирлаш белгиланган. Айни пайтда туман масъуллари қишлоқни обод қилиш бўйича барча имкониятларини ишга солишмоқда.

Аслида ҳам, “Обод қишлоқ” дастуридан кўзланган мақсад аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, энг аввало, юртдошларимиз учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришдан иборатдир. Бу эса барчанинг қалбига ободлик олиб кириши, шубҳасиз.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.