Уч ойда етти миллион даромад

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Умиджон МАМАРАСУЛОВ

Қиличмозор маҳалласида истиқомат қилувчи Аъзамхўжа Назировни жалақудуқликлар ернинг “тилини тушунадиган”, томорқадан унумли фойдаланиб, мўмайгина даромад кўрадиган тадбиркор инсон сифатида яхши билишади. Қаҳрамонимизнинг маҳалладошлари ҳамда узоқдаги танишлари ундан деҳқончиликнинг сирасрорларини ўрганишга интилишади.

Узоқ йиллар турли жамоа ва фермер хўжаликларида ишлаган Аъзамхўжа Назиров маҳаллада биринчилардан бўлиб 2012 йилда хонадонида бир сотихлик иссиқхона қуриб, бодринг эккан эди. Етарли даражадаги парвариш, ўғитларнинг ўз вақтида берилиши натижасида дастлабки йилдаёқ ҳосилдорлик кутилганидан зиёда бўлди. Оила бюджетига мўмайгина даромад кирди. Бундан руҳланган хонадон соҳиблари 2012 йилнинг кузида бира тўла беш сотихли иккита иссиқхонани қуриб битказишди. Улар иссиқхонада баҳордан то кузга қадар помидор ва бодринг етиштириб беришни йўлга қўйишди.

Ҳамжиҳатликда қилинган иш барака олиб келади, дегани ҳақиқат экан. Турмуш ўртоғи Пошшохон ая билан олти йил мобайнида қилинган меҳнатлари, топилган даромадлари эвазига қўшимча уй битказишди. Ўғиллари Аъзимхўжа ва Анвархўжаларни олий таълим муассасасида ўқитиб, бирин­кетин уйлашди, автомобиль сотиб олишди.

– Ўтган йилда томорқадан 10 миллион сўмдан ортиқ даромад кўрдик, – дейди Аъзамхожа ака. – Жорий йил 3 сотих майдонда бодринг, 2 сотихда эса помидор парваришлаяпмиз. Эгат четларига эса ошқовоқ экиб қўйганмиз. Бодринг апрелнинг ўнинчисидан, помидор эса майнинг охирларида ҳосилга кирди. Шу кунга қадар 7 миллион сўм даромад олишга эришдик. Ҳали гуллаб, мевага кирган кўчатлар талайгина. Мавсум охирига қадар яна шунча даромад кўришни мўлжаллаяпмиз.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.