РАҚАМЛИ ЁЗМА МЕРОСНИ САҚЛАШ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ТАЖРИБА
Бугунги кунда, кутубхона, архив, музей ва шахсий коллекцияларда ўзбек ва бошқа халқларнинг моддий маданий меросига бағишланган кўпгина қўлёзма, тошбосма китоб ва ҳужжатлар сақланиб келинмоқда. Миллий кутубхонада нодир ва алоҳида қимматли нашрларни эҳтиётлаб сақлаш, уларни консервация ва реставрация қилишнинг замонавий методларини жорий қилиш, босма нашрлар, адабиёт ва санъат асарлари, қўлёзма ва график, тарихий ҳужжатлар ва нодир нашрларнинг электрон фондини шакллантириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан этиб белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, фонднинг электрон ресурсларини сақланиши, тўлиқлиги ва бутлигини таъминлаш, фойдаланувчиларга ўз вақтида ва сифатли ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш, ахборот-кутубхона ресурслари электрон каталогини ҳамда ягона электрон ахборот-кутубхона фондини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Нодир ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурслари мавзуси замонавий шароитда долзарб характерга эга.
Бу ҳақда нодир ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурсларига кўпсонли фойдаланувчиларнинг мурожаатлари ҳам гувоҳлик беради, чунки алоҳида ноёб ҳужжатлар халқ хўжалиги, илм-фанда илмий-тадқиқотлар учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган муҳим факт ва ҳодисалар ҳақида ахборотга эгадир.
Миллий кутубхонада юқоридагиларни амалга ошириш учун мунтазам конференция, семинарларда иштирок этиш, ходимлар малакасини оширишга катта эътибор берилмоқда.
Жумладан, 2019 йил 5-8 ноябрь кунлари Кореянинг Кванжу ва Тегу шаҳарларида «Жаҳон хотираси: рақамли меросни сақлаш ва ундан фойдаланиш» II Минтақалараро конференцияси бўлиб ўтди.
«Жаҳон хотираси: рақамли меросни сақлаш ва ундан фойдаланиш» II Минтақалараро конференциясида 80 дан ортиқ ЮНЕСКО «Жаҳон хотираси» дастурининг Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича Миллий қўмиталар делегатлари ва экспертлари иштирок этдилар.
Конференция Маданий меросни асрабавайлаш, улардан фойдаланишни осонлаштиришга қаратилган.
Конференция мавзулари ЮНЕСКО тавсияларининг тематик йўналиши бўйича ўтказилди:
• Рақамли ҳужжатли меросни аниқлаш;
• Рақамли ҳужжатли меросни сақлаш;
• Рақамли ҳужжатли меросдан фойдаланиш;
• Миллий ва халқаро ҳамкорлик. II Минтақалараро конференциянинг биринчи ва иккинчи (5-6 ноябрь) кунлари Кванжу, учинчи ва тўртинчи кунлари (7-8 ноябрь) Тегу шаҳарларида бўлиб ўтди.
Тадбир 9 та секцияга бўлиниб, 30 та маъруза тингланди. Унда кўрилган асосий масалалар:
Мавжуд муаммоларни бартараф этишда конференция спикерлари мавжуд воситалар, ташаббуслар, қўлланмалар ва энг яхши амалиётлар ҳақида маъруза қилдилар.
Рақамли ҳужжатли меросни сақлаш, ҳужжатли меросга киришни қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббуслар, уларни ўзаро алмашиш учун минтақавий ҳамкорлик ва платформалар ҳақида айтиб ўтилди.
Осиё ва Тинч океани минтақаси, Африка, Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳудудидаги кутубхоналар, архивлар, музейлар ва шахсий коллекцияларда сақланадиган бой ҳужжатли меросни, шу жумладан, рақамли меросни сақлаш ва улардан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш учун муҳим стандартлар ва тавсиялар берилди.
Конференциядаги мунозаралар мероснинг ҳар қандай шаклда йўқ бўлиб кетиши барча халқлар меросининг унутилиб кетишига олиб келишини инобатга олган ҳолда, жаҳон меросини – китоблар, санъат асарлари ва тарихий ва илмий аҳамиятга эга ёдгорликларни сақлаш, кўпайтириш ва тарқатишда ёрдам беради. Бундай ахборот ресурслари ва ижодий ишлар тобора кўпайиб боришини, тарқатилишини, фойдалана олишини ва рақамли шаклда сақланишини, шу билан мероснинг янги турини – рақамли меросни шакллантиришни, ушбу меросдан фойдаланиш барча халқлар томонидан ижод, алоқа ва билимларни алмашиш учун катта имкониятлар яратилишини англатади. Рақамли материаллар таркибига матнли ҳужжатлар, маълумотлар базалари, ҳаракатсиз ва ҳаракатланувчи расмлар, аудио ва график материаллар, дастурий таъминот ва веб-саҳифалар киради, бу сезиларли ва доимий равишда кўпайиб борадиган форматлардир.
Ушбу манбаларнинг аксарияти узоқ муддатли аҳамиятга эга ва шунинг учун ҳозирги ва келажак авлодлар учун сақланиб қолинадиган мерос ҳисобланади. Тобора ортиб бораётган бундай мерос ҳар қандай тилда, дунёнинг исталган бурчагида мавжуд бўлиши мумкин ҳамда инсон билимлари ва ифодаларининг исталган соҳасига тегишли бўлиши мумкин.
Конференция натижалари шуни кўрсатдики, минтақаларда аналог ҳужжатли мерос билан боғлиқ қатор муҳим ташаббуслар амалга оширилаётган бир пайтда рақамли меросни сақлаш катта муаммо бўлиб, ушбу мавзу бўйича билим, тажриба ва қўлланмалар чекланганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Глобал миқёсда ЮНЕСКО ва халқаро ҳамкорлар рақамли ҳужжатли меросни сақлаш билан боғлиқ қатор муҳим кўрсатмалар, воситалари ва стратегияларини ишлаб чиқмоқдалар.
Бунга узоқ муддатли сақлаш учун рақамли меросни танлаш бўйича ЮНЕСКО / ПЕРСИСТ кўрсатмалари мисол бўла олади.
Рақамли меросни сақлашни қўллаб-қувватлашда ҳамкорликни ривожлантириш, хабардорликни ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, кутубхона, архив, музей ва шахсий коллекцияларда ўзбек халқи ва бошқа халқларнинг моддий, маданий меросига бағишланган кўпгина қўлёзмалар, нодир ҳужжатларни сақлаш, уни кейинги авлодга етказишда кутубхона, архив, музейлардаги ёзма маданий меросларни Миллий ягона базада бирлаштирадиган веб-контент яратиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Секцияларда кўриб чиқилган муаммолар
1. Баъзи аъзо давлатларда рақамли/электрон ҳужжатлар мавқейи тўғрисида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмаслиги.
2. Йўқотилган аналог ҳужжатлар/архив маълумотлар.
3. Рақамлаштириш учун манбаларни танлаб олиш мезонлари.
4. Рақамли/электрон маълумотларни сақлаш учун базавий етишмовчиликлар.
5. Архивлаш лойиҳаларидаги молиявий муаммолар.