ҲАРБИЙ ҚИСМДА ЁШЛАР ТАШКИЛОТИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Отабек ИСРОИЛОВ

Жойларда ёшларни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат, бир сўз билан айтганда, ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида қатор учрашув ва маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Ўрта Чирчиқ туманидаги ҳарбий қисмда бўлиб ўтди. Ҳарбий қисмда ўтказилган “Очиқ эшиклар куни”да тумандаги умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят ва туман Кенгашлари мутасадди ва фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда миллий армиямиз ва ёшларга яратилаётган шароитлар, имтиёзлар ҳақида, юртимиздаги барқарор тинчлик ва осойишталик, тараққиёт ва юксалиш тўғрисида, Ватаннинг ҳар қарич ерини кўз қорачиғидек асраш, ёт ғоя ва кучлардан авайлаш хусусида сўз юритди.

Йиғилган ёшлар гуруҳларга бўлинган ҳолатда ҳарбий қисмда ҳозирланган ўқув нуқталаридаги кўргазмалар билан, жумладан, ҳарбий техникалар, парашютлар, ҳарбий қурол-яроғлар, алоқа ва ҳарбий транспорт воситалари, ҳарбий муҳандислик ва тиббиёт жиҳозлари билан яқиндан танишди. Бундан ташқари, йиғилганлар ҳарбий ўқув машғулотларининг бевосита гувоҳи бўлишди.

“Очиқ эшиклар куни” якунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ҳарбий қисмда бошланғич ташкилот фаолияти йўлга қўйилиб, ёшлар етакчиларига гувоҳномалар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами топширилди.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.