«ҒАМХЎРЛИКДАН УМРБОД МИННАТДОРМИЗ»

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Болтабой МАТҚУРБОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Хоразм вилоятида жисмоний имконияти чекланган 48 нафар фуқарога имтиёзли кредит асосида уй-жойлар топширилди.

Жавлонбек Отажонов Янгибозор туманидаги Қаландардўрмон қишлоғида яшайди. Турмуш ўртоғи билан уч нафар фарзандини тарбиялаб вояга етказмоқда. Биринчи гуруҳ ногирони бўлганлиги боис алоҳида уй-жой қилишга унинг имкони йўқ эди. Ер майдони 2 сотихдан иборат уч хонали уй берилгани ушбу оила учун чинакам байрам туҳфаси бўлди.

– Ҳаяжонимни сўз билан ифодалаб беролмайман, – дейди Жавлонбекнинг турмуш ўртоғи Санобар Ҳайитбоева. – Бундай замонавий уй-жойга эга бўлиш биз учун ушалмас орзудек эди. Янги хонадонда яшаш учун барча шароит муҳайё. Мебель ва ётоқхона жамланмаси, телевизор, кир ювиш машинаси, қўйингки, бир оила учун нима зарур бўлса, ҳаммаси тахт. Президентимизнинг бу ғамхўрлигидан умрбод миннатдормиз.

Хивалик Феруза Бобожонованинг ҳам қувончи чексиз. Боқувчисини йўқотган, иккинчи гуруҳ ногирони бўлган бу аёл шу пайтгача ижарада яшаб келаётган эди. Унга янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган 3 хонали хонадон калити топширилди.

– Ҳар бир инсоннинг ўз уйи бўлгани яхши, – дейди Урганч туманидаги Беговот қишлоғида яшовчи Мансур Қутлимуродов. – Шу пайтгача бир ҳовлида бешта оила истиқомат қилиб келаётган эдик. Опам Омонжон Қутлимуродова биринчи гуруҳ ногирони бўлгани боис, унга етарли шароит яратиб бера олмаётгандик. Байрам арафасида туманимизда янги барпо этилган уйлардан икки хонали хонадон бизга ҳам насиб этди. Янги уйга кўчиб ўтганда турмуш ўртоғимнинг, айниқса, икки нафар фарзандимнинг шодлигини бир кўрсангиз эди! Эҳтиёжманд оилалар, кўнгли ярим инсонларга бахтиёр яшаш қувончини бахш этаётган, инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланаётган юрт фуқароси эканлигимга шукрона айтаман.

Бугун ким билан суҳбатлашманг, мамлакатимизда инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ эканига яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.