МОДЕРНИЗАЦИЯ ЯРАТГАН ИМКОНИЯТ

сифатли маҳсулот тайёрлашда муҳим аҳамият касб этаётир

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Д.НИЗОМОВ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўздавдонинспекция” марказий лабораторияси мудири.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли манфаатларини таъминлаш мақсадида иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошириш борасида тизимли ишлар назарда тутилган. Аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ҳам айни шу йўналишдаги ишлардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўздавдонинспекция” томонидан олиб борилаётган ишларда халқимизга етказиб берилаётган дон маҳсулотлари сифатини янада ошириш, бу жараёнга замонавий технологияларни киритишга эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда, энг аввало, тизимда фаолият юритаётган кадрлар малакаси ва савияси янада оширилаётир.

Инспекциянинг марказий лабораторияси ва унга қарашли 8 та филиал томонидан ўтган йилда дон ва дон маҳсулотларини сертификатлаш, сифатини таҳлил қилиш бўйича 700 миллион сўмга яқин хизмат кўрсатилди. Улар асосан фермер хўжаликларига, хусусий тадбиркорлар томонидан дон ва дон маҳсулотларини экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларини аниқлаш бўйича амалга оширилди.

Марказий лабораторияда 2017 йилда модернизация қилиш дастури тўлиқ амалга оширилиб, замонавий талабларга жавоб берадиган ўлчов воситалари билан жиҳозланди. 2018 йилда ҳам бу ишлар изчил давом эттирилади.

Тизимда дон партияларини сертификатлаштириш ва метрология хизмати кўрсатишни яхшилаш борасида ҳам қатор ишлар олиб борилаётир. Хусусан, 2017 йил ғалла мавсумида фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалла навлари (республика ҳудудида етиштирилган 47 нав) партияларидан намуналар олиниб, уларнинг физиккимёвий, новвойбоплик хусусиятларини ўрганиш бўйича таҳлиллар ўтказилди. Янги ҳосилнинг сифат кўрсаткичлари, донларни ишлатиш бўйича таҳлиллар ва янги ҳосил донларини ўрганиш натижалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилди.

Шу билан бирга, SGS халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда донларни экспорт қилишда фаол иштирок этиб келинмоқда. Шунингдек, Давлат навларни синаш комиссияси томонидан тақдим этилган 55 та нав бўйича ҳам таҳлил ўтказилди. Юртимиз ҳудудига Қозоғистон Республикасидан олиб келинган 1140 тонна буғдой дони ностандарт деб топилган ва мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш рад этилди. Ушбу ҳолат юзасидан “Ўзстандарт” агентлиги- га маълумот киритилди.

Ходимларнинг тажрибасини ошириш ҳамда фермерлар, ғаллакорлар, қайта ишлаш корхоналари ходимлари билан яқинроқ муносабат ўрнатиш мақсадида турли тадбирлар, семинарлар, тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг ҳар тарафлама етук мутахассис бўлишини таъминлаш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, Тошкент кимё-технология институтида таҳсил олаётган талабаларга Марказий лабораторияда замонавий жиҳозлардан фойдаланган ҳолда амалиёт ўташ учун шароит яратиб берилди. Ҳозирда 10 нафар талаба ва докторант бу лаборатория базасида амалиёт ўтамоқда. Шунингдек, йигирма беш нафар лаборатория ходими мувофиқликни баҳолаш мутахассислари сифатида сертификат олди. Бу билан Марказий лаборатория ва унинг филиалларида ишлаб келаётган барча мутахассислар мувофиқлик сертификатига эга бўлди.

Сирасини айтганда, сифатли дон – сифатли нон. Жамоанинг мақсади юртдошларимизнинг фаровон ҳаётига ҳисса қўшиш, ғаллакорларнинг, қайта ишлаш корхоналарининг фаолиятини мустаҳкамлашга кўмаклашишдир.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.