ЭКИННИ ПАЙҲОН ЭТГАНГА ЖАЗО БОР

аммо фермернинг ўзи бунга йўл очсачи?

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Алижон АБДУСАТТОРОВ

Бир ниҳолни парваришлаб, ундан ҳосил олиш қанчалик машаққатли меҳнатлигини барчамиз яхши биламиз. Агар экин пайҳон қилинса, ундан келадиган зарар-чи? Бундан нафақат деҳқон меҳнатига, балки эл ризқига ҳам зиён етади.

Шу боис экинлар пайҳонининг олдини олишда деҳқонларга кўмаклашиш мақсадида ички ишлар бўлимлари, ҳокимликлар, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳамда маҳалла посбонларидан иборат гуруҳлар профилактик ва назорат тадбирларини мунтазам уюштирмоқда. Бу йўналишда қонунбузарликлар кузатилганда тегишли тартибда маъмурий чоралар қўлланилаётир. Чунончи, 2017 йил пахта мавсумида Жиззах вилояти ИИБ профилактика инспекторлари томонидан Мирзачўл туманида 7 та, Шароф Рашидов ва Пахтакор туманларида 6 тадан, Дўстлик ва Арнасой туманларида 5 тадан, Зарбдор ва Зафарбод туманларида 10 тадан ана шундай ҳолатлар аниқланган.

– 2017 йил пахта терими мавсумида 26,03 гектар пахта майдонининг 222 та йирик шохли, 206 та майда шохли моллар томонидан пайҳон қилиниши кузатилди, – дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси инспектори Гулбаҳор Расулова. – Натижада пахтачилик фермер хўжаликларига 27 миллион сўмдан ортиқ иқтисодий зарар етказилди. Пайҳон ортидан фермер хўжаликларига етказилган зарарнинг асосий қисми чорва моллари эгалари томонидан қопланган, қолган қисмини ундириш чоралари кўрилаётир.

Айни вақтда ҳам бу йўналишдаги ишлар сусайтирилмаяпти. Жойларда фермерлар ва аҳоли иштирокида ўтказилаётган профилактик тадбирларда ички ишлар идоралари вакиллари томонидан экин майдонлари оёқости этилганда чорва моллари эгаларига қандай чоралар кўрилиши ҳақида атрофлича маълумотлар берилаётир. Шунга қарамасдан жорий йилда ҳам вилоятнинг турли ҳудудларида пайҳон билан боғлиқ қонунбузарликлар кузатилмоқда.

Жумладан, 2018 йилнинг 2 январида Дўстлик тумани “Саритепа” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Аслиддин Абдураимовнинг икки бош қорамоли “Сардорбек-Мунис” фермер хўжалигига тегишли 0,03 гектар ғалла майдонининг пайҳон қилган. Фермерга етказилган зарар миқдори 235 минг сўмни ташкил қилди.

5 январда Дўстлик туманидаги “Бўрибоев Аброр” фермер хўжалигининг 0,05 гектар ғалла майдони пайҳон қилинди. 555 минг сўмлик зарарни ҳудуддаги “Манас” ҚФЙ ал-Форобий кўчасида яшовчи бошқа бир фермер Намоз Бекмуродовнинг 5 та қорамоли етказган эди.

13 январь куни Дўстлик туманида яна бир пайҳон кузатилди. “Тупроқдан мадад” фермер хўжалигининг 0,5 гектар ғалла майдонини “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Назарқул Норбоевнинг бошдоқсиз қолган иккита қорамоли оёқости қилган эди.

8 январь куни вилоятнинг Шароф Рашидов туманидаги “Кўркам шаршара” фермер хўжалиги даласига бир сурув қорамол тушиб, 1,5 гектар майдонни пайҳон қилган. Қизиғи шундаки, қорамоллар мазкур фермер хўжалиги раҳбари Абдураҳмон Шодмонқуловга тегишли бўлиб чиқди.

Юқорида келтирилган қонунбузарликларнинг барчаси жойлардаги профилактика инспекторлари томонидан аниқланган. Қисқаси, вилоятда ИИБ томонидан бу йўналишдаги қонунбузарликларга қарши кескин чоралар кўрилаётир.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.