2017-2021 ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ БЕШТА УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИНИ «ФАОЛ ТАДБИРКОРЛИК, ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ»ДА АМАЛГА ОШИРИШГА ОИД ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ФАРМОНИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница -

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (кейинги ўринларда Ҳаракатлар стратегияси деб юритилади) ўрта муддатли истиқболда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берган энг муҳим дастурий ҳужжат ҳисобланади.

2017 йилда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда алоҳида эътибор “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойил

ва “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоянинг, энг аввало, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ҳамда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг реал ҳимоя қилинишини таъминлаш орқали ҳаётга амалий татбиқ этилишига қаратилди.

Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида 30 дан ортиқ қонунлар ҳамда 900 дан ортиқ қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш, халқ фаровонлигини юксалтиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари, шунингдек, ҳар бир давлат органида ташкил этилган фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича махсус бўлинмалар аҳоли билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги самарали тизимини шакллантиришга хизмат қилди.

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси давлат бошқарув тизимини тубдан ислоҳ қилиш, “Электрон ҳукумат” ва давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш, иқтисодиётга маъмурий таъсирни қисқартириш ҳамда бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, соғлом рақобат муҳити ва қулай инвестиция иқлимини яратиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб берди.

Суд-ҳуқуқ тизимида судларнинг ҳаққоний мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаб олишнинг демократик ва шаффоф механизмини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жойларда маъмурий ва иқтисодий судларнинг ташкил этилганлиги одил судловга эришиш даражасини ошириш имконини берди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимини ислоҳ қилиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт профилактика қилиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатда жиноятчиликнинг умумий кўрсаткичи 15,7 фоизга камайишига эришилди, 1,2 минг маҳаллаларда бирорта жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Илгари, асосан хавфсизликка хавф-хатар ва таҳдидлар оқибатларига қарши курашиш билан чекланган терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга ёндашувлар концептуал қайта кўриб чиқилди. Мазкур муаммоларни ҳал қилишда, биринчи навбатда, ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва маънавиятини юксалтириш орқали одамларнинг онги учун курашиш устувор вазифа этиб белгиланди.

Ўз тақдирини Ўзбекистон билан боғлаган, мамлакатимиз фаровонли-

ги йўлида ҳалол ва виждонан меҳнат қилаётган, ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра фуқаролиги бўлмаган шахсга айланиб қолган фуқароларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган даврда 1 243 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

Иқтисодий соҳада кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди, энг аввало, Ўзбекистоннинг ўз мажбуриятларини бажариш ва чет эл ҳамкорларининг даромадларини репатриация қилиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун шарт-шароитларни таъминловчи миллий валюта эркин конвертациясининг жорий этилганлиги бу борада муҳим қадам бўлди.

Давлат бюджетини шакллантиришнинг тамомила янги принциплари ва механизмлари жорий этилди, унинг даромад ва харажатлари шаффофлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Давлат активларини бошқаришнинг самарадорлигини ошириш ва бюджетнинг даромад қисмини кўпайтиришга қаратилган ишга солинмаган захиралардан фойдаланиш чоралари кўрилди.

Биринчи босқичда – узоқ муддатли (10-15 йилга мўлжалланган) тармоқ, ҳудудий ва мақсадли ривожланиш концепцияларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш, иккинчи босқичда – тармоқ, ҳудудий ва мақсадли лойиҳалар портфелларини тузиш, учинчи босқичда – ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришнинг мутлақо янги тартиби тасдиқланди.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича комплекс тадбирлар, биринчи навбатда, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиғини сақлашни кучайтириш, аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш, фуқароларнинг бандлиги ва реал даромадларини ошириш, арзон ижтимоий уй-жойлар қурилишини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Шаҳарлар ва қишлоқларда умумий турар жой майдони 3,5 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган намунавий ва кўп қаватли уйлар қурилди. Турар жой қурилиши ҳажмлари 2010 йилга нисбатан 3,5 бараварга ошди.

Халқ билан мулоқот натижалари бўйича 11 йиллик умумий ўрта таълимни қайта тиклаш ҳақида қарор қабул қилинди, олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг шаффоф механизмлари жорий этилди ва квоталар жиддий равишда оширилди. Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди.

Миллатлараро тинчлик ва тотувликни, пухта ўйланган ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат амалга оширилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилганлиги натижасида қўшни давлатлар билан ишончли муносабатлар йўлга қўйилди, Марказий Осиё ҳудудида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилди.

Фақат ўтган йилда 21 та олий даражадаги ташриф амалга оширилди, 60 та давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди, 400 дан ортиқ келишувларга эришилди, 60 миллиард АҚШ долла-

ридан ортиқ қийматдаги битимлар имзоланди.

Шу билан бирга, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот якунлари ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ўтказилган ишларнинг танқидий таҳлили аҳоли фаровонлигининг реал ўсишига ва жойларда ишлар ҳолатининг тубдан яхшиланишига тўсқинлик қилувчи қатор муаммоларни кўрсатиб берди.

Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш юзасидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни кўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида – давлат хизматининг нуфузи ва самарадорлигини ошириш, ижро этувчи ҳокимият органлари вазифа ва тузилмасини қайта кўриб чиқиш, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мустақиллигини ошириш, марказий органларнинг айрим ваколатларини маҳаллий ҳокимият органларига ўтказиш, давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини, уларнинг сифати ва тезкорлигини тубдан ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада

ислоҳ қилиш соҳасида – фуқаролар шахсий ҳаёти дахлсизлигининг конституциявий кафолатларини, шу жумладан, тинтув ва телефон орқали сўзлашувларни эшитиб туришга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш, Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича комиссияни ташкил этиш орқали янада мустаҳкамлаш, миллий хавфсизлик органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш, вақтинча сақлаш, тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасаларини видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати ходимларини мобиль видеокамералар билан таъминлаш, патруль хизматининг стационар постлари сонини оптималлаштириш;

иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида – фаол тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий, ташкилий шароитлар яратиш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий қилиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини ва улар фаолиятига ноқонуний аралашишларнинг олдини олиш механизмларини, солиқ ва божхона сиёсатини, банк-молия соҳасини янада такомиллаштириш, аграр секторни ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига имтиёзлар тақдим қилган ҳолда индивидуал имтиёзлар беришдан воз кечиш, ҳудудларни фаол ривожлантириш;

ижтимоий соҳани ривожлантириш соҳасида – ижтимоий ҳимоя қилиш ва фуқаролар соғлиғини сақлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ижтимоий дорихоналарнинг ривожланган тармоғини яратиш, аҳоли бандлиги ва фуқароларнинг реал даромадларини ошириш, “истеъмол саватчаси”ни аниқлаш, ижтимоий уй-жойлар қурилишини кенгайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш;

хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, ташқи сиёсат соҳасида

– Ўзбекистон Республикасининг янги Миллий хавфсизлик концепциясини қабул қилиш, хорижий шериклар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш тизимини такомиллаштириш, терроризм, экстремизм ва ахборот таҳдидларига қарши курашиш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, хорижда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни давом эттириш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш.

2. Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йил муддатга мораторий эълон қилинсин, жиноят иши доирасида ва юридик шахс тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишлар бундан мустасно.

Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб:

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши давлат солиқ хизмати органларининг бўшаётган 228 та штат бирликларини прокуратура органларига ўтказган ҳолда тугатилади;

адлия органларининг кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, чет эл инвесторлари ва чел эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бир-бирини такрорловчи функция ва ваколатлари чиқариб ташланади;

жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш) бир ойдан ошмаслиги лозим, алоҳида ҳолларда текшириш бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари томонидан узайтирилиши мумкин;

тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жиноят ишларини қўзғатиш фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг розилиги билан амалга оширилади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар, ўтказилган текширишлар ва мониторинг (асос, текшириш ёки мониторинг ўтказиш вақти, уларни ўтказган ходимлар ва бошқалар) ва аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисидаги ахборотлар мажбурий тартибда прокуратура органларининг махсус электрон ахборот тизимига киритилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:

инновацион ва илмий фаолиятни давлат ва жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари, шу жумладан, инновацион лойиҳаларни фоизсиз кредитлаш ҳамда инновацион лойиҳаларни кредитлаш учун тижорат банкларига давлат кафолатларини беришни ҳам назарда тутувчи “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин;

маҳаллий лойиҳа ва пудрат ташкилотларининг ташқи бозорларга чиқишини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар, замонавий халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда, шаҳарсозлик норма ва қоидаларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, энергия тежамкор технологияларни фаол жорий этишни назарда тутиб, қурилиш соҳасини инновацион ривожлантириш дастурини ишлаб чиқсин ва киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда бир ой муддатда назорат қилувчи органлар томонидан ўт- казилган текширишлар, мониторинг ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги зарур ахборотларни доимий киритиб боришни назарда тутувчи махсус электрон ахборот тизимини ишлаб чиқсин ва жорий қилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги қонунбузилишлар ҳақидаги маълумотларни текшириш тартибини ишлаб чиқсин ва киритсин;

Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда тадбиркорлик фаолияти соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда тадбиркорлик фаолияти соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, қонунчилик нормаларини етказиш ва тушунтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳар бир ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича айбдор шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги принципи сўзсиз амалга оширилишини таъминлаган ҳолда, тадбиркорлик фаолияти соҳасида, энг аввало, тадбиркорлик субъектлари, чет эл инвесторлари ва чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик ижроси устидан назоратни кучайтирсин.

8. Белгилаб қўйилсинки: а) қуйидагилар 2023 йил 1 январга қадар муддатга ягона ижтимоий тўловдан ташқари, барча турдаги солиқ ва мажбурий тўловлар тўлашдан озод қилинади:

юқори технологияли тадбиркорлик лойиҳалари-стартапларни биргаликда молиялаштириш учун ташкил қилинадиган венчур фондлар;

венчур фондлардан биргаликда молиялаштириладиган юқори технологияли лойиҳалар-стартаплар;

илмий-тадқиқот муассасалари, инновацион марказлар, лойиҳа-конструкторлик бюролари ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотишдан (фойдаланишга беришдан) олинган даромадлар бўйича;

янги технологияларни маҳаллий тадбиркорликка трансфер қилувчи ташкилотлар бу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича;

б) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон тижорат соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат дастурида белгиланган муддатларда:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари – «Халқ қабулхоналари» замонавий биноларининг тасдиқланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ қурилиши ва жиҳозланишини таъминласин;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда электрон навбат ва давлат хизматини кўрсатишнинг боришини масофадан видеокузатиш тизимларини жорий этиш, олис аҳоли пунктларида мобиль давлат хизматлари марказларини ташкил қилиш, шунингдек, мобиль алоқа воситалари орқали давлат хизматлари кўрсатишни таъминласин.

10. Вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинсин.

11. Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар Давлат дастурига киритилган тадбирларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан назоратни, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши тўғрисидаги умумлаштирилган ахборотнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ҳар чоракда тақдим этилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб боришни таъминласин.

12. Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлар:

энг аввало замонавий ишлаб чиқаришни жорий этишга мўлжалланган инновацион ғоялар ҳамда технологияларни, фаол тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга;

ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий салоҳиятининг барқарор ўсиши ва аҳолининг ҳаёт даражаси ҳамда фаровонлигини оширишга кўмаклашувчи фан ва инновацион фаолиятни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга;

илғор фикрлайдиган, ташаббускор ва масъулиятли ходимлар ҳамда фуқароларни ҳар томонлама амалий қўллаб-қувватлашга;

“Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт” деган қоидани рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Инновацион ривожлантириш вазирлиги “Тараққиёт стратегияси” маркази билан биргаликда:

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тизимли мониторинг қилинишини ҳамда у ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун қўшимча чора-тадбирларни кўриш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилишини;

Давлат дастури амалга оширилиши ҳақидаги маълумотларнинг ҳар ой умумлаштирилишини ҳамда унинг якунлари аниқ кўрсаткичлар ва эришилган ижобий ўзгаришлар кўрсатилган ҳолда ўзларининг веб-сайтларида жойлаштирилишини;

мониторинг натижалари ҳақида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Прези- денти девонига ахборот киритилишини;

Давлат дастури амалга оширилишининг якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий обзорларнинг чет тилларда тайёрланиши, нашр этилиши ва кенг тарқатилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ўзаро яқин ҳамкорликда:

мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида кенг тушунтирилишини;

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши ҳақидаги холис, тўлиқ маълумотнинг кенг жамоатчиликка тезкорлик билан етказилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

ушбу Фармоннинг мазмун ва моҳиятини, шунингдек, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган зарур маълумотларнинг халқаро жамоатчиликка тизимли етказилишини;

Давлат дастурини амалга ошириш учун масъул давлат органлари ва ташкилотларига илғор хорижий тажрибани ўрганишда ҳар томонлама кўмаклашишни таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.