ИМПОРТГА КЕЛГАН ҚУЁН ЭКСПОРТ УЧУН МАҲСУЛОТ БЕРЯПТИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ҳусан ТЕМИРОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Қарши туманидаги “Дилшод Диёрбек ҳамкор” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшод Абдураҳматов 2016 йилнинг май ойида Италиядан 200 та зотдор қуён келтириб, фаолият бошлаганди. Ўтган даврда жониворлар меҳр билан парваришланди. Муайян ютуқларга эришилди. Бу борада хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этди.

– Қуёнбоқарларга сунъий қочириш, қуёнларга озуқа тайёрлаш юзасидан маслаҳатлар бердик, – дейди италиялик мутахассис Андрея. – Улар ҳар бир тавсиямизни тезда илғаб олишди. Агрофирма жамоаси қўлга киритаётган бу муваффақиятлар ишни пухта бизнес режа асосида ташкил этилганидадир. Ҳозирда агрофирмадан оилавий корхоналар, фермерлар, шу билан бирга, қўшни вилоятлардаги тадбиркорлик субъектларига ҳам зотдор қуёнлар етказиб берилмоқда.

– Ушбу агрофирмадан юзта она қуённи имтиёзли нархда харид қилдик, – дейди Яккабоғ туманидаги “Шаҳзодбек Тўраевич” фермер хўжалиги раҳбари Машҳура Суюнова. – Бу билан ушбу соҳани ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратдик.

– Ҳамкорларимиз сони ой сайин ортиб боряпти, – дейди тумандаги хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида таҳсил олиб, энди иш бошлаган Юлдуз Эргашева. – Қисқа муддат ичида Муборак туманидаги “Паризода Дилнур”, Косон туманидаги “Бойтерак асл қуёнлари”, Яккабоғ туманидаги “Қоплонбек Шаҳзодаси” фермер хўжалиги, Нишон туманидаги “Жабборов Асадбек” фермер хўжалиги ҳамда Қарши туманидаги “Яхши ният кумуш” оилавий корхоналарига зотдор қуёнлар сотдик. Ўтган давр мобайнида қуёнлар сони 3150 бошга етди. Шунинг 2190 боши буюртмачиларга етказиб берилди. Бундан ташқари, Қарши шаҳридаги “Бенхаус” озиқ-овқат корхонаси билан ҳам ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.

– Қуёнчиликни ривожлантиришда молия муассасаларининг кўмаги катта бўляпти, – дейди Дилшод Абдураҳматов. – 2016 йилда “Микрокредитбанк”дан 300 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, соҳа равнақи учун сарф қилдик. 29 сотих майдонда озуқа базаси- ни яратдик. Қуён парвариши ўзига хос бўлиб, озодаликни талаб этади. Хона ҳавосининг мўътадил бўлишига эътибор қаратиш лозим. Қуёнлар уч маҳал озиқлантирилади. Асосан арпа, сабзи, лавлаги, карам билан парвариш қиламиз. Ушбу маҳсулотлар ўзига хос витамин бўлиб, она қуён сутини кўпайтиради. Жониворлар саноат усулида боқилганда ана шу томонларига алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Шунингдек, қуён чумасига қарши бир йилда икки маротаба зооветеринария қоидалари асосида момиқлар эмланади.

Маълум шароитга қуёнларнинг мослашиши учун уч ой муддат керак бўлади. Улар бир ойда 7-8 тагача туғади. Қуён боласи 105-110 кунда вояга етади. Ўн кунда сунъий қочирилади. Бир она қуён бир йилда 30-32, ҳатто, 42 тагача туғади. Шунинг 32 таси парвариш учун сақлаб қолинади.

Қуёнчиликнинг даромади қуйчилик, қорамолчиликка қараганда ўн баробар юқори. Айниқса, унинг гўшти ёш болалар ва кексалар учун жуда фойдали бўлиб, у иммунитетни оширади. Қанд хасталиги учун жуда фойдали. Таркибида холестрин йўқ.

Агрофирма ўтган бир ярим йил давомида қуёнчиликдан 220 миллион сўм ялпи даромад кўрди. Шунинг қарийб 70 миллион сўми соф фойдани ташкил этади. Аҳил жамоа ютуқларни янада мустаҳкамлаш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Соф фойда ва “Микрокредитбанк”дан олинадиган яна 200 миллион сўмлик имтиёзли кредит ҳисобига қушхона барпо этилиши режалаштирилган. Келажакда қуён гўштини қадоқлаш йўлга қўйилади. 2018 йилнинг иккинчи ярим йиллигида қуён гўшти, териси ва тирноғи экспортга йўналтирилади.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.