АТЛАС ВА АДРАС – ДУНЁ ТАН ОЛГАН НОМОДДИЙ МЕРОС

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Ҳамиджон БУРҲОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Қадимдан Марғилонда ипакчилик яхши ривожланган. Бунинг асл тарихи аждодларимиз Буюк ипак йўли орқали Хитойдан пилла қурти уруғини олиб келган даврларга бориб тақалади.

Тадбиркор халқ пилла уруғини жонлантириб, парвариш қилган ва сифатли пилла олиб, шойи матолар тўқишган. Бора-бора бу ҳунар авж олиб, сержило атласлар яралган ва унинг харидорлари кўпайган.

Бугунга келиб, Марғилон ҳунармандлари тўқиётган атласу адраслар довруғи бутун оламни тутди. Жаҳон симпозиумлари, музейлар, кўргазма залларини ҳам ял-ял ёниб, безаб турган бу матоларга қизиқувчилар тобора ортиб бормоқда.

Якунланган йилнинг декабрь ойида Жанубий Кореянинг Чежу шаҳрида ўтказилган миллий матолар кўргазмасида Марғилон адрас ва атласи дунё мамлакатлари ичида номоддий мерос сифатида тан олинди.

Унда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатлари вакиллари ўзларининг сара маҳсулотларини намойиш этишди.

– Олис юртда бизнинг маҳсулотларимиз номоддий мерос сифатида тан олиниши қалбларимизни қувончга тўлдирди, – дейди Фарғона вилояти “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари Расулжон Мирзааҳмедов. – Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган тадбиркорлар адрасларимизни кўтарасига олиб кетишяпти. Бу ҳунармандлар иқтисодий аҳволини яхшилашга, улар фаолиятининг равнақ топишига сабаб бўлаётир.

Халқаро анжуманда иштирок этган Марғилон шаҳар “Ҳунарманд” уюшмаси аъзо- си Инобатхон Қосимова янги йилни юксак натижалар билан бошлади.

– Мазкур йўналишда фаолият юритаётган фирмалар, хусусий корхоналар ва якка тартибда ишлаётган тадбиркорлар хонадонларида дастгоҳлар тўхтагани йўқ, – дейди у. – Улар янги-янги жилолар, турли-туман ранглар билан адрас ва атлас матолари тўқияпти. Қайси маҳаллага кирманг, ҳунармандларнинг кўтаринки руҳда меҳнат қилаётганини, яратиб берилган шароитдан мамнун эканликларини кўрасиз. Адрас-у атласларимиз ўзимизда ҳам, чет элларда ҳам тобора харидоргир бўлмоқда.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.