ҚАЛБЛАРДАДИР ЧУҚУР ЭҲТИРОМ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Самарқандда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирокида Биринчи Президентимизнинг Ватанимиз буюк келажаги, тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлидаги эзгу ишларига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари аввало Регистон майдони ёнидаги хиёбонда қад ростлаган Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар.

Шундан сўнг ўқувчилар Ислом Каримов таҳсил олган Самарқанд шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида Буюк Йўлбошчимиз хотирасига бағишлаб ташкил этилган музей фаолияти билан танишди. Музейдаги ҳар бир ҳужжат ва ашёнинг тарихи ҳақида масъул ходимлар батафсил маълумот беришди.

Самарқанд давлат университети қошидаги академик лицейда давра суҳбати ташкил этилди. Унда сўз олганлар Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, кўпмиллатли халқимизни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириш, фаровон ҳаётимизни таъминлаш борасидаги эзгу ишларига тўхталишди.

– Бугунги тадбирда Биринчи Президентимизнинг нақадар жасоратли, зукко, эл-юрт ташвишини ҳаёти мазмунига айлантирган инсон бўлганига яна бир карра амин бўлдим, – дейди Самарқанд таянч тиббиёт коллежи ўқувчиси Сурайё Исобекова. – Халқимизнинг севимли фарзанди ёрқин хотираси барча юртдошларимиз сингари биз, ёшларнинг ҳам қалбимизда мудом яшайди. Келгусида ўз куч ва билимимизни юрт тараққиёти йўлидаги эзгу ишларнинг муносиб давомчиси сифатида намоён этишга астойдил ҳаракат қиламиз.

Нуриддин БОЛИЕВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.