ЮРТИМИЗДА ИЛК БОР «МEDDATA ААТ» АХБОРОТ ТИЗИМИ ИШГА ТУШДИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Юртимизнинг барча ҳудудларидаги каби Наманган вилоятида ҳам замонавий ахбороткоммуникация технологияларини соҳаларга татбиқ этиш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, юртимизда биринчилардан бўлиб Наманган шаҳар марказий шифохонасида “MedData AAT” ахборот тизими жорий этилди.

Ушбу ахборот тизимининг ишга туширилиши, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Тизим йўлга қўйилиши натижасида шифохонанинг барча бўлимлари иш жараёни локал тармоқ орқали ягона тизимга бирлашди. Унда қабулхона, лаборатория диагностикаси ва текширувлар, таҳлил натижалари ва даволаш жараёнлари, барча бўлимлар фаолиятига оид маълумотлар тармоқда тўлиқ ифодасини топади. Беморнинг касаллиги, унинг даволаниши ва муолажалар электрон хотирага муҳрланади. Касаллик тарихига оид ҳужжатлар архиви ҳам электрон шаклда сақланади.

Янгиликни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида изчил қўллашни ташкил этиш мақсадида шаҳар тиббиёт бирлашмасида “MedData AAT” воситасида шифохона бемори электрон тиббий баённомасини юритиш усуллари” мавзусида амалий семинар уюштирилди.

Тадбирда вилоятдаги ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари, туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, ахборот-коммуникация тизимлари ишини юритувчи мутахассислар иштирок этди.

– “MedData AAT” тизимининг амалга татбиқ этилиши шифокорларнинг иш ҳажмини камайтириб, самарадорликни оширади, – дейди Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Абдували Мавлонов. – Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бундай имкониятлар халқимиз саломатлиги йўлида сифатли хизмат қилишимизда қўл келади.

Семинарда “MedData AAT” дастурини ишлаб чиққан BePro компанияси вакили Ҳусанбой Усманов вилоят ҳудудидаги шифохоналарда татбиқ қилинаётган янгиликнинг аҳамияти ҳамда Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасида амалиётга жорий этилган дастурнинг таркибий-функционал тузилиши ва моҳияти ҳақида тушунча берди.

– Бу каби замонавий ва такомиллашган технологиялар нафақат шифокорга, балки беморлар учун ҳам бирмунча қулайликлар яратади, – дейди Норин тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Мухторжон Темиров. – Тез орада мазкур автоматлашган ахборот тизимини туманимизда ҳам қўллашни мўлжалламоқдамиз.

Айни пайтда вилоятдаги яна ўнта тиббиёт муассасасида ушбу тизимни жорий этиш устида фаол иш олиб борилмоқда. Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.