ЧИЛЛА СУВИ ТИЛЛАГА ТЕНГ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News - Бозорбой БЕКМУРОДОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Сайхунободлик пахтакорлар қиш мавсумининг ўзида 7 минг гектар майдонга чилла суви беришни асосий мақсад қилиб қўйишган. Шу ниятда туманда чел олиш, сувни 25-30 сантиметр қалинликда бостириш, экин зараркунандалари уруғларини шу йўл билан чиритиб, йўқотишга катта эътибор қаратилаётир. Кунига 100120 гектар чел олинган ерлар яхоб сувига қондириляпти. Ҳозиргача 6 минг гектар майдонда бу борадаги ишлар амалга оширилди.

– Йилдан йилнинг фарқи бор, – дейди Сайхунобод тумани Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Мирзоҳид Раҳмонбердиев. – Айниқса, қишнинг қуруқ келгани тупроқда ҳосил зараркунандаларининг бемалол қишлашига қулайлик яратди. Уларнинг уруғларини чиритиб, йўқотиш учун чел олинган майдонларни тўрт-беш кунлаб суғориш, баъзи майдонларга такрорий яхоб бериш керак. Айни вақтда берилган чилла суви шўрни пастга чўктириши билан бирга, тупроқда намлик яхши сақланишини ҳам таъминлайди. Яхобга қондирилган майдонларга экилган уруғ тупроқнинг ўз нами билан униб чиқади. Ҳозирда бу каби агротехник тадбирлар тезу соз бажарилмоқда. Сувчи ва механизаторларни ёз ва куз мавсумида помидор, бодринг, булғор қалампири, картошка ва кўкатлар билан таъминлаш мақсадида СИУлар қошида 320 та 5-6 сотихлик кўчатхона барпо этяпмиз. Маҳаллий шароитда етиштирилган кўчатлар эрта кўкламда фермер хўжаликларига тарқатилади ва ҳар бир фермер 20 сотих ерда уларни етиштиради.

Тумандаги “Шўрўзак” сув истеъмолчилари уюшмаси деҳқонлари бу йил чигит экиладиган 1049 гектар майдонни тўлиқ чилла сувига қондиришга қарор қилишган. “Абдувойит ота”, “Шўрўзак ниҳоллари”, “Грант мтр Макс”, “Мириш- кор ғаллакор”, “Агрогрант лидр”, “Шаҳзод замини” фермер хўжаликларида бу тадбир қулай муддатларда тугалланди.

– Шу кунларда 16 гектар чигит экиладиган ерни чилла сувига қондирдик, – дейди “Шўрўзак ниҳоллари” фермер хўжалиги раҳбари Абдужамол Тожибоев. – Ҳашаротларни йўқотишда ушбу тажрибани қўллаганимиз туфайли ўтган йили 60 центнердан дон, 35 центнердан пахта йиғиб-териб олдик. Ҳадемай, майдонларни текислаб, экиш-тикишга тайёргарлик ишларини бошлаб юборамиз. Уруғни тупроқнинг ўз намига экиш ҳисобига баҳорда тўла кўчат олишга эришамиз.

Туман деҳқонлари чилла суви тиллага тенглигини чуқур англаган ҳолда қишки суғориш ишларини юқори суръатларда давом эттирмоқдалар. Қолаверса, маҳаллий ўғит жамғариш, ғалла майсаларини суғориш ҳисобига майсалар ривожини тезлаштиришга ҳам алоҳида масъулият билан ёндашилаётир.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.