Навоийликларга наво бахш этган учрашувлар

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница - Қаршибой АБДУҲАКИМОВ,

ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЖОЙЛАРДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН БУНЁДКОРЛИК ИШЛАРИ, ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАР ЖАРАЁНИ, ЙИРИК ЛОЙИҲАЛАР БИЛАН ТАНИШИШ ВА ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛИШ МАҚСАДИДА НАВОИЙ ВИЛОЯТИГА ҚИЛГАН САФАРИ ҲАР ЖИҲАТДАН САМАРАЛИ, АМАЛИЙ НАТИЖАЛАРГА БОЙ БЎЛДИ. КЎПЛАБ МУАММОЛАР ЖОЙИДА ҲАЛ ЭТИЛДИ, АҲОЛИНИНГ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ЯНАДА ЯХШИЛАШ БОРАСИДА БИР ҚАТОР ЛОЙИҲАЛАР ҲАЁТГА ТАТБИҚ ЭТИЛИШИ БЕЛГИЛАНДИ. БУ, АЛБАТТА, НАВОИЙЛИКЛАРНИ РУҲЛАНТИРИБ, ЯНГИ МАРРАЛАР САРИ ДАДИЛ ОДИМЛАШГА УНДАМОҚДА. БУГУН УЛАРНИНГ ҚАЙ БИРИ БИЛАН СУҲБАТЛАШМАНГ, ҚАЛБИДА ЯНГИЛАНИШ, ЯШАРИШ ФАСЛИ – БАҲОРГА ҲАМОҲАНГ ЯРАТУВЧАНЛИК, БУНЁДКОРЛИК ТУЙҒУЛАРИ ЖЎШ УРАЁТГАНИГА ГУВОҲ БЎЛАСИЗ. КЕЛИНГ, УЛАРНИНГ ФИКРЛАРИГА ҚУЛОҚ ТУТАМИЗ.

ДАРДЛАРГА ДАРМОН БЎЛДИ Президентимиз халқнинг дардини дилдан ҳис этади, шунинг учун ҳам бугун барча учрашувларда ёшу қарини жон қулоғи билан тинглайди. Вилоятимизга ташрифи вақтида ҳам бунга яна бир бора гувоҳ бўлдик.

Вилоятимизда жорий йилда кам таъминланган оилалар учун 1150 та янги лойиҳадаги арзон уй-жой қурилиши мўлжалланган эди. Аҳолининг та- лаб ва истакларини инобатга олиб, Президентимиз яна қўшимча равишда 243 та шундай уйлар бунёд этиш хусусида кўрсатма берганларини халқимиз катта қувонч билан қарши олди. Шунингдек, бундай хонадон эгаларига берилган кредит маблағлари тўловининг муддатини узайтириш бўйича таклифлар инобатга олинишини билдирдилар.

Бутун куч ва билимини юртимизда янги жамият барпо этиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, давлатимиз нуфузини янада оширишдек улуғ мақсадларга бағишлаётган Президентимизни доимо қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг зиммамиздаги асосий вазифадир. Бунинг учун ҳалол меҳнат қилишимиз, ёшларимизни фидойилик кўрсатиш руҳида тарбиялашимиз лозим ва шарт, деб ҳисоблаймиз.

Хайрулла НАРЗУЛЛАЕВ, Навоий шаҳридаги “Ватан” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

ҚИШЛОҚДА ҲАМ ЗАМОНАВИЙ МАРКАЗ

БЎЛАДИ

Мени кўпдан бери бир масала қийнаб келар, бунда давлатнинг кўмаги керак эди. Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи давомида бу муаммога ечим топилди. Ишим юришадиган бўлди.

Гап шундаки, Хатирчи туманининг қишлоқ жойида 30 қатновга мўлжалланган хусусий тиббиёт маркази барпо этишни бошлаган эдим. 850 миллион сўм шахсий маблағим эвазига тиббий муассасани тикладим. Лекин навбат масканни зарур жиҳозлар билан таъминлашга келганда қўлим бироз калталик қилиб қолди. Кредит олишда амалий ёрдам керак бўлди.

Кечаги учрашувда Президент билан юзма юз суҳбатлашганимда у киши менинг дардимни тўғри тушунди. Лойиҳамни қўллаб-қувватлаб, 7 йиллик муддатга имтиёзли фоиз ставкаси билан, аниқроғи, ўз ташаббуси билан қўшимча яна бир фоизга камайтирилган 300 миллион сўм миқдорида кредит ажратишга амалий кўмак берганлари менга ўзгача шижоат бағишлади.

Сайдулло ҚОБИЛОВ, Хатирчи туманидаги “Шамс табобат сервис” хусусий корхонаси раҳбари.

ШАҲАР ВА ҚИШЛОҚ ЎРТАСИДА ТАВОФУТ ҚОЛМАЯПТИ

Мен маҳалладаги ота-оналар номидан йўлланган раҳматни қай ҳолатда давлатимиз раҳбарига жонли тарзда етказишни билмай юрган эдим. Чунки, маҳалламизда барпо этилган боғча – Президент совғаси ҳамма оналар қатори менинг ҳам кўзларимда севинч ёшларини қалқитди.

Гап шундаки, бир пайтлар қурилган эски боғчада – шароитлари ўзига яраша, зах ҳиди ҳамма ёқни тутган бинода фарзандларимиз тарбияланишга мажбур эди.

Шавкат Мирзиёевнинг вилоят фаоллари билан сайловолди учрашувида Нурота туманидан видеоалоқа тарзида суҳбатлашганимизда маҳалламизда болалар боғчаси қурилишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатим шахсан ўзларининг назоратида бўлди. Яқинда икки қаватли замонавий боғча фойдаланишга топширилди.

Икки миллиард сўм эвазига барпо этилган масканда қишлоқ фарзандлари учун энг замонавий шароитлар яратилди. Тўғриси, шаҳардаги имкониятлардан ҳам зўр. Энди шаҳар билан қишлоқ ўртасида тафовут қолмади. Ҳар ким яхши яшашга ҳақли, дегани шу бўлса керак.

Давлатимиз раҳбари кўп такрорлайди, биз нима учун бу ишларни қиляпмиз, ким учун, халқ учун, деб. Энг муҳими, эртамиз, келажагимиз учун сарфланган ҳар қандай меҳнат, моддий харажат зое кетмаслиги аниқ. Айниқса, фарзанд тарбияси, миллат келажаги йўлидаги бундай ишлар, албатта, ўз самарасини беради. Насиба ҚЎЛДОШЕВА, Навбаҳор туманидаги “Сарбозор” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси.

ТОМОРҚА ХАЗИНА ЭКАНЛИГИНИ ТУШУНЯПМИЗ

Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи жуда баракали бўлди. Чиндан ҳам янгидан янги лойиҳалар, бунинг эвазига аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ижтимоий муаммоларга ижобий ечим топиш халқнинг ҳаётдан рози бўлишида муҳим омилдир. Вилоятнинг энг олис ҳудудларига бориб, одамларнинг дардини тинглаб, уларнинг ҳам яхши яшашга ҳақли эканлигини ўйлаб берган топшириқларидан бошимиз осмонга етди.

Айниқса, Президентимизнинг маърузасини тинглаб, бир нарсага амин бўлдим. Энди халқимиз, янгича фикрлаши, янгича яшаши, ҳаётга қарашларини буткул ўзгартириб, уйғониши керак. Нега деганда, одамлар изланмаса, ҳаттоки, томорқасидан унумли фойдаланиш йўлларини топиб, оиласига қўшимча даромад келтириб яшашни ўрганмаса, ҳаммаси эски ҳаммом, эски тослигича қолиб кетаверади.

Айнан аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш борасида вилоятдаги камчиликлар кескин танқид қилинди. Жумладан, 12 минг 607 гектар томорқадан самарали фойдаланилмаётгани, эртаки экинлар экиш, ихчам иссиқхоналар қуриш тажрибаси аҳолига кўплаб даромад келтириши таъкидланди.

Ҳақиқатан ҳам жаҳон тажрибасида бизнинг заминдагидек бир парча серҳосил ер олтинга тенг. Шундай экан зар тупроғимиздан дур ундириш вақти келди.

Бугун бизнинг маҳалламизда ҳам ўзгаришлар катта. Ҳудудда замонавий инфратузилма яратилмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида савдо, ишлаб чиқариш, маиший хизмат ташкил этилган. Айниқса, томорқалардан унумли фойдаланиш мақсадида турли цитрус мевалар, кўкат, помидор ва бодринг етиштиришга мўлжалланган мўъжаз иссиқхоналар барпо этилмоқда. Энг муҳими, маҳалламиздаги барча оила ўзига тўқ. Деярли ҳар бир хонадонда товуқ ва курка парваришланади. Оилавий тадбиркорларимиз томонидан парҳезбоп товуқ гўшти етиштириш яхши йўлга қўйилган. Ҳа, халқимиз тушуняпти – томорқа хазина эканлигини. Кармана туманидаги “Камолот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

МЕВА-САБЗАВОТ КЛАСТЕР УСУЛИДА ЕТИШТИРИЛАДИ

Давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ этишга қаратилган эътиборни алоҳида эътироф этиш лозим. Президентимизнинг 2017 йил 6 ноябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори белгиланган режаларни янада изчил амалга оширишни тақозо этди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари раислигида 2017 йил 20 ноябрь куни бозорларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан уз- луксиз таъминлаш, уларни қайта ишлаш кўламини ошириш, озиқовқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ҳўл мева-сабзавотлар экспортини кенгайтириш, шунингдек, полиз ва мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, узум харид қилишга бағишланган йиғилишда ички истеъмол бозорини ушбу маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш юзасидан яқин йилларда бажарилиши зарур бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.

Президентимизнинг жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятимизга ташрифи вақтида бу йўналишда амалга оширилган ишлар чуқур таҳлил этилди.

Маълумки, ҳозирда вилоятимизда бешта мева, сабзавотларни қайта ишлаш, қадоқлаш корхоналари фаолият юритмоқда. Ҳудудда етиштирилаётган маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлашда уларнинг қуввати ҳали етарли эмас. Шу боис, Президентимиз бундай корхоналар сонини кўпайтириш, қувватини ошириш бўйича қатор кўрсатмалар бердилар. Шунингдек, бу борада энди кластер усулини қўллашни жорий этишга қарор қилинди.

Бугун ҳар бир юртдошимиз юртимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун барча имконият ва шароитга эга. Бунда бизга давлатимиз яқиндан кўмакдош бўлмоқда. Аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш, айниқса, тадбиркорликни ривожлантириш, қулай меҳнат шароити яратиш, озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж учун зарур саноат моллари билан таъминлашда турли имтиёзлар берилди.

Тарихга айланаётган ҳар бир дақиқамиз бизни янада улуғвор вазифалар сари етаклайди. Унинг қадрига етиб, бутун вужудимиз билан виждонан меҳнат қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз саналади. Бобоёр РАЖАБОВ, Кармана туманидаги “Лочин” фермер хўжалиги раҳбари.

ЧЎЛГА ҲАЁТ ҚАЙТМОҚДА

Президентимиз билан учрашувларда ҳудудимизда ҳаётга татбиқ этилиши мўлжалланаётган истиқболли лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Уларни амалга ошириш натижасида чўл ҳудудларида икки йил ичида 4 минг иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Ўтган йили биргина Конимех ту- манида, катта йўл бўйида фойдаланишга топширилган туячилик мажмуасига дунёнинг 61 давлатидан 3 минг нафар сайёҳ келди. Муқаддам бу ердаги шароитлар талабга жавоб бермас эди. Тармоқнинг самарадорлигини эътиборга олиб, ушбу жойда 1000 бош туя ва 500 бош наслли эчки боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси барпо этиш режалаштириляпти. Умумий қиймати 15,7 миллиард сўм бўлган мазкур замонавий чорвачилик мажмуаси учун хориждан наслли эчкилар сотиб олинади. Натижада йилига 1000 тонна туя, 300 тонна эчки сути қайта ишланади. Пировардида ҳудуд нафақат туя ва эчкичилик мажмуаси, балки йилига 10 минг сайёҳни қабул қиладиган замонавий экотуризм марказига айланади.

Шу ўринда туя сутининг шифобахш хусусияти ҳақида тўхталиш жоиз. Унинг таркибида шифобахш витаминлар сигир сутига қараганда 3 баробар кўп. Бундан ташқари, туя сутида бир қанча фойдали моддалар мавжуд. Улар қандли диабет, камқонлик, гепатит, нафас ва ошқозон-ичак йўллари, буйрак, юрак, асаб касалликларига даво бўлиб, иммун тизимини мустаҳкамлайди. Юртимизга келган сайёҳлар ана шу шифобахш сутдан татиб кўриши, чўл бўйлаб туя ва квадроциклларда сайр қилиши мумкин бўлади.

Президентимизнинг халқ билан мулоқоти давомида туманимизда қоракўлчиликни ривожлантириш, қуриб қолган қудуқларни янгилаш, саксовулзорлар барпо этиш, бунда саксовул уруғини ерга сепиб кўкартиришга эътибор қаратиш, буталар орасига чорва учун озуқабоп ўтлар экиш каби самарали таклифлар ҳам илгари сурилди.

Очиғини айтиш керак, шу пайтгача бепоён Қизилқум саҳросида яшовчи одамлар учун муносиб турмуш шароитини яратиб беришга бунчалик жиддий эътибор қаратилмаганди.

Президентимизнинг 2017 йил 25 апрелдаги “Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам мазкур йўналишдаги хайрли ишларга туртки бўлди.

Биз, чорвадорлар давлатимиз раҳбарининг юксак эътиборидан илҳомланиб, янада катта куч-ғайрат билан зиммамизга юклатилган топшириқларни адо этишга киришамиз. Елубай МИРЗАЛИЕВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.