Касаба уюшмалари кўмаги етмаган жой йўқ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница -

Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайрсаҳоват муҳитини янада мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Чунончи, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Сирдарё вилоятида бугунгача 66 нафар эҳтиёжманд фуқарога саломатлигини тиклаши учун қарийб 152 миллион 550 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 1221 та эҳтиёжманд оила 610 миллион 338 минг сўмлик кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. 1097 та оиланинг уй-жойларини таъмирлаш учун 985 миллион 902 минг сўмлик маблағ йўналтирилди.

Эътиборлиси шундаки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация мутасаддилари томонидан вилоятнинг олис, чекка қишлоқлари, айниқса, табиий газ етиб бормаган ҳудудларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларни табиий газ бал- лонлари ва замонавий газ плиталари билан таъминлаш бўйича режа-тақсимот жадвали ишлаб чиқилди. Шунга мувофиқ вилоятдаги 376 та оила 611 миллион 564 минг сўмлик газ плиталари ҳамда газ баллонлари билан таъминланди.

Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибордан ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари кўтарилиб, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этмоқда.

– Оиламиз бошлиғи Темир Абдувалиев анчадан буён касал бўлиб, тўшакка михланиб қолганди, – дейди Ховос туманидаги Ўзбекистон тўкинчилиги маҳалласида яшовчи Эргашой Холмуродова. – Касал одамга вақтида иссиқ овқат пишириб, парваришлаш биз – оила бекаларининг асосий бурчимиз саналади. Рўзғорим учун керакли жиҳоз давлатимиз томонидан берилди. Мушкулимиз анча осонлашди.

– Турмуш ўртоғим мавсумий ишлар билан шуғулланар эди, – дейди Барчиной Ойбекова. – Ўтган йили жигар саратонидан вафот этди. Беш нафар фарзандни тарбиялаш ўзимнинг гарданимда қолди. Бизни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаётган давлатимиз раҳбарига, ҳомий ташкилотларга минг бора раҳмат.

– Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари кўрсатилаётган амалий ёрдамларни энг чекка қишлоқ ва туманларда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга етказиб беришмоқда, – дейди Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо ходимлари касаба уюшмасининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Эргаш Бўриев. – Бундай ғамхўрликлар орқали кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг эҳтиёжларини қондириб, уларнинг турмуши фаровон бўлишини таъминлашга асосий эътиборни қаратяпмиз. Бозорбой БЕКМУРОДОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.