ЭРИШИЛГАН КЕЛИШУВЛАР ИККИ МАМЛАКАТ ТАРИХИДА МУҲИМ ҚАДАМ БЎЛДИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq hayoti» -

(Боши 1­саҳифада) Шавкат ҲАМРОЕВ, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири:

– Тожикистон билан Амударё ҳамда Сирдарё сувларидан фойдаланиб келмоқдамиз. Сув ресурсларидан фойдаланишда халқаро меъёрларга амал қилиш талаб этилади. Бундан ташқари, табиатнинг бу неъматидан самарали фойдаланиш керак. 9-10 март кунлари икки давлат тарихида муҳим кун бўлиб қолди. Чунки сув ва энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида келишувга эришилди.

Шунингдек, гидроэлектр станциялари қуриш бўйича ҳам нуфузли комиссия тузишга келишиб олинди. Бу қарор нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа иқтисодининг ривожига салмоқли ҳисса қўшади. Янги қурилаётган гидроэлектр станцияси минтақанинг энергетикага бўлган талабини қондиради.

Туроб ЖЎРАЕВ, Самарқанд вилояти ҳокими: – Давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга ташрифи тарихий аҳамият касб этди. Бу икки халқ ўртасидаги алоқаларнинг такомиллашишида муҳим қадам бўлди. Музокаралар якунига кўра, Тожикистон Республикасининг Сўғд ва Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятлари ҳокимларига кенг имкониятлар яратиб берилди. Энди муносабатларда ортиқча расмиятчиликсиз, тўғридан-тўғри телефон орқали боғланиш, ўзларига маъқул бўлган вақтда икки томон ишбилармонлари ўртасида учрашувлар ўтказишга келишиб олинди. Бунинг амалий натижаси сифатида жорий йилнинг апрель ойида Тожикистон тадбиркорлари билан учрашув бўлиб ўтади.

Ташриф доирасида жуда кўп самарали келишувларга эришилди. Биргина мисол: эришилган келишувга кўра, энди фуқаролар мамлакатларда ўттиз кунгача визасиз юриш имкониятига эга бўлади. Бу икки халқ вакилларининг азалдан йўлга қўйилган қариндошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, қолаверса, туризмни ривожлантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Эркин ТУРДИМОВ, Сурхондарё вилояти ҳокими:

– Давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга олий даражадаги давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу нафақат икки давлат ўртасида, балки Марказий Осиё миқёсида ҳам эътироф этилмоқда.

Савдо-иқтисодий соҳаларда икки давлат имкониятлари етарли даражада ривожланмай қолган эди. Мамлакатлар энди бу борада ҳам ўзининг ҳақиқий кўрсаткичларини намоён қилади. Мен ташриф давомида турли соҳаларда имкониятлар бўлатуриб, алоқалар узилиб қолганининг гувоҳи бўлдим. Бу тарихий ташрифни икки халқ вакиллари ҳам интиқлик билан кутган эди. Ташриф доирасида икки халқ манфаатларига тўла жавоб берадиган келишувларга эришилди. “Ғалаба – Амузанг – Хошади” темир йўлининг очилиши муҳим воқеа бўлди. Сурхондарё вилояти Тожикистон билан чегара ҳудуд бўлганлиги учун бугундан бошлаб барча соҳаларда алоқаларни кенг миқёсда ривожлантирамиз. Ботир ЗАРИПОВ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ бошқаруви раиси:

– Маълумки, мамлакатимизда минерал хом ашё ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда юздан зиёд қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмасида 50 дан ортиқ турдаги қурилиш материаллари билан иштирок этмоқдамиз. Ноёб қурилиш материаллари ҳисобланган гранит, мармар, габбро, травертин тошлари, деворбоп, томёпқич материаллар, базальт тошидан олинган арматуралар, қамиш ўсимлигидан ишланган ДСП каби маҳсулотларимиз тожикистонликларда катта қизиқиш уйғотди. Тожикистоннинг ўнлаб компания ва фирмалари бизнинг қурилиш материалларимизни олиш бўйича шартномалар имзолади.

ЎзА мухбири Абу Бакр ЎРОЗОВ ёзиб олди.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.