ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАР НАМОЙИШИ

«AGRO WORLD UZBEKISTAN»:

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница - Улуғбек АСРОРОВ, ЎзА мухбири.

“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида “Қишлоқ хўжалиги – Agro World Uzbekistan – 2018” халқаро кўргазмаси иш бошлади. У ўн учинчи бор ташкил этилмоқда.

16 мартга қадар давом этадиган нуфузли тадбир қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчиларини, деҳқон ва фермерлар, тадбиркорлар, ҳамкор тармоқлар мутахассисларини ўзига хос инновацион майдонда бирлаштирди.

Унда Австрия, Озарбайжон, Беларусь, Бельгия, Германия, Италия, Испания, Қозоғистон, Хитой, Латвия, Жанубий Корея, Нидерландия, Россия, Туркия, Украина, Франция каби 20 га яқин мамлакатдан 100 дан ортиқ компания, маҳаллий қишлоқ хўжалиги вакиллари иштирок этмоқда.

Кўргазма очилишида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжа- лиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Таъкидландики, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда 2017 йилда соҳа ривожига доир 5 қонун, 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар асосида қишлоқ хўжалигида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

“Ўзэкспомарказ” павильонларида, шунингдек, очиқ майдонда намойишга қўйилган маҳаллий ва хориж мамлакатларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналари, паррандачилик ва чорвачилик учун доривор воситалар, иссиқхоналар учун замонавий технологиялар, тезпишар ва ҳосилдор экинлар уруғлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Ўзбекистон учун қишлоқ хўжалиги соҳаси жуда муҳим ва аҳамиятли тармоқ. Мамлакатда бу соҳа жадал ривожланмоқда, – дейди Нидерландия Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Регина Вероника Мария Жонс-Бос. – Нидерландияда аграр тармоқ яхши ривожланган. Аминманки, ўзбекистонлик соҳа вакиллари билан бу борада тажриба алмашиб, самарали ҳамкорлик алоқаларини ўрнатамиз. Бугунги кўргазмада 11 Нидерландия компанияси иштирок этмоқда. Кўргазма давомида ўзаро истиқболли шартномалар имзоланишига ишончимиз комил.

Инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этган Тошкентдаги “Uzbiogaz” масъулияти чекланган жамияти кўргазмада фермер ва аҳоли учун органик чиқиндилардан биогаз оладиган ускунани намойиш этмоқда. Тақдим этилаётган ускуна ёрдамида 1 тонна органик чиқиндидан 60-70 метр/куб газ олиш мумкин. Шунингдек, қолган ўғит ерга ташланса, 30-40 фоизгача ҳосилдорлик ошади. Аҳолига, тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида ускунани 10 йил муддатга ҳеч қандай кафилликсиз лизингга ўрнатиб бериш йўлга қўйилди.

Кўргазма нуфузи йил сайин ортиб бормоқда. Бу иштирокчилар сони кўпайганида ҳам кўзга ташланади. Бу йил кўргазмага илк бор Татаристон Республикасининг 5 компанияси вакиллари ташриф буюрган.

– Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари табиий шароитда етиштирилгани, тотли таъми билан дунёга машҳур, – дейди Татаристон Республикаси Экспортни қўллаб-қувватлаш маркази мутахассиси Ольга Грезнева. – Ўтган йили биз учун узоқ кутилган воқеа – Ўзбекистонда валютанинг либераллаштирилиши айни муддао бўлди. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан истиқболли келишувларга эришишимизга ишончимиз комил.

Анъанага кўра, кўргазманинг иккинчи кунида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши кўмагида “Фермерлар куни” бўлиб ўтади. Унда иштирокчилар ўзаро тажриба алмашади, соҳага доир янги техника ва технологиялар билан танишиш имконига эга бўлади.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.