«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ ХАВФСИЗЛИГИ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ФАРМОНИГА ШАРҲ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq hayoti» -

Мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида стратегик вазифалар ва энг муҳим ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши нафақат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятини ҳам такомиллаштиришни талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматини ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатиб берди.

Давлат раҳбари томонидан Конституция ва қонун нормаларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тамойилини сўзсиз амалга ошириш, бошқа органларнинг функцияларини бажариш ва такрорлаш ҳолатларига йўл қўймаслик вазифалари қўйилган эди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон хавф-хатар ва таҳдидларга самарали тарзда қарши курашишга қодир махсус хизматнинг замонавий қиёфасини белгилаган ҳолда, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимига асос солди.

Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати этиб қайта ташкил қилинди. Идоранинг номидан “миллий хавфсизлик” тушунчасининг чиқарилиши унинг ваколатлари асоссиз тарзда кенгайишига шарт-шароит яратган омилларни бартараф этиш зарурати билан боғлиқ. Чунки локал миқёсдаги ҳар қандай муаммо миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилиши мумкин эди. Мазкур ўзгартириш ушбу идоранинг диққат-эътиборини давлат аҳамиятига эга реал таҳдидларга қаратади. “Давлат хавфсизлиги” атамаси хавфсизликни таъминлаш доирасини аниқ белгилайди ва мазкур соҳадаги фаолият йўналишларини ажратиб беради.

Фармон билан Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини ташкил этишнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Биринчидан, мазкур идоранинг мақоми, ваколатлари ва фаолият йўналишларини белгилаган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилмоқда. 26 йил олдин қабул қилинган Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги амалдаги низом фаолиятни самарали ташкил этишга имкон бермайди ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юз берган муҳим ўзгаришларни акс эттирмайди.

Иккинчидан, бугунги кундаги хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашишнинг таъсирчан шакллари ҳамда услубларини жорий этиш, шу мақсадда идоранинг самарали ташкилий тузилмасини шакллантириш зарурлиги белгиланди.

Учинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оғишмай риоя этишнинг алоҳида муҳим аҳамияти таъкидланди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан инсон ҳуқуқлари қонуний кафолатларининг қатъий таъминланишига устувор аҳамият берилади.

Тўртинчидан, кадрларни танлаш ва тайёрлашнинг мутлақо янги тизими ташкил этилади, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади. Мазкур чоралар Давлат хавфсизлик хизматига ҳар томонлама ривожланган ва ватанпарвар ёшларни жалб этишга имкон беради. Шу ўринда идора вакилларининг ҳарбий хизматчи сифатидаги мақоми кўрсатиб ўтилди, мазкур ҳолат уларга нисбатан ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ барча чеклов ва мажбуриятлар татбиқ этилишини англатади.

Бешинчидан, Давлат хавфсизлик хизмати ўз фаолиятини идора ишининг шакллари ва услублари ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг идоравий мансублиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлишини истисно этадиган конспирация тамойиллари асосида ташкил этиши белгиланди. Бу давлат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажаришда мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланишни таъминлайди.

Ўзига хос бўлмаган вазифа ва функцияларни истисно қилиш мақсадида Миллий хавфсизлик хизмати ваколатида бўлган айрим рухсат берувчи ваколатлар 2018 йил 1 апрелдан бошқа идораларга ўтказилади ёки тугатилади.

Фармон билан Давлат хавфсизлик хизматининг байроғи ва эмблемаси намуналари тасдиқланди.

Идоравий рамзларнинг таъсис этилиши ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳини оширишга ҳамда уларни давлат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажаришга сафарбар этишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонида давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга қаратилган қатор топшириқлар мавжуд. Шу муносабат билан:

идора фаолиятини ташкил этиш, унинг таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ва Давлат чегарасини қўриқлаш тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларини ишлаб чиқиш;

2018-2022 йилларда Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари учун арзон уй-жойларни қуриш дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони тарихий аҳамиятга эга бўлиб, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги тизимини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратди.

Давлат раҳбарининг мазкур қарорини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш тизимининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишини таъминлайди.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.