Иссиіхона даромадининг тафти

Qishloq Hayoti (Village Life) - - News -

Тошлоқ туманидаги “Гулсарахон” фермер хўжалиги аъзолари иссиқхоналардан имкон қадар унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Янгидан қурилган 22 сотихли иккита иссиқхонада ишлар қизғин боряпти. Ҳозирда помидор кўчатлари шоналай бошлади.

– Президентимизнинг иссиқхоналарни кўпайтириш ташаббусидан руҳланиб, бу ишни бошладик, – дейди фермер Маъмурахон Орипова. – Унинг лойиҳасини ўзимиз тайёрладик. Янгилиги шуки, ҳаво исиб кетганида ёки димиқиб қолганида тепадан туриб темир қувурга елим ёпқични ўраш орқали иссиқхона тепасини очиш мумкин. Бу кўчатларнинг дуркун ривожланишига ижобий таъсир қилади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган қурилиш ишлари жорий йилнинг март ойи бошларида тугалланди. Ҳар бир иссиқхонага 10 мингта атрофида Голландиянинг серсув помидор уруғидан тайёрланган кўчат экилди. Агротехника қоидалари асосида ернинг унумдорлиги оширилди.

Келажакда помидор шарбати ва томатлар тайёрлайдиган, мева қуритадиган технологияларни олиб келиб ўрнатиш режалаштирилган.

– Бу йилги ҳосилдан олинадиган даромадимиз эвазига иссиқхоналар қуришни яна давом эттирамиз ва 40 сотихга етказамиз, – дейди иш юритувчи Авазбек Усмонов. – Иссиқхона ҳақиқатан ҳам даромад манбаи экан. Энди етиштирган маҳсулотларимизни экспорт қилишни йўлга қўйсак, валюта захирасини ҳам шакллантирамиз.

Хўжаликнинг 3 гектар еридаги ўриклар ҳозир қийғос гулга кирган, 3 гектар ердаги хурмо, олма ва узум кундан-кунга яшнамоқда. Далалардаги эртаки картошка ҳам ердан бош кўтариб чиққан.

Хуллас, “Гулсарахон” фермер хўжалигига қарашли боғлару далаларда, иссиқхоналарда экинлар баравж ўсмоқдаки, бу эртага мўл-кўл ҳосил олинишидан далолат беради.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.