ҚИШЛОҚҚА ЯНГИ ҲАЁТ КЕЛДИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница - ЎзА мухбири Матназар ЭЛМУРОДОВ ёзиб олди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Обод қишлоқ” дастури асосида Жиззах вилояти Дўстлик тумани “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида одамлар шундай дейишмоқда.

Қизилой АБДУРАҲМОНОВА, пенсионер:

– Манас маҳалласи ташкил этилганига олтмиш йил бўляпти. Шу вақтгача бу ерда ҳеч қачон бугунгидек одамлар ҳаётини ўзгартиришга қаратилган янгилик бўлмаганди. Кўчалар қишда лой, ёзда чанг-тупроқ эди, фарзандларимиз қиш ойларида мактабга қатнашга қийналарди. Уйлар томидаги шиферлар синиб, қорайиб кетганди. Ҳовли-жойлар атрофига турли хўжалик иморатлари бетартиб қуриб ташланганди. Кўчалар кўримсиз, файзсиз эди, бу ерга келган одамга ўтган асрнинг 60-70-йиллари тасаввурини берарди. Шаҳарга ёки обод қишлоқлардаги қариндошларникига меҳмонга борсак, у ерлардаги ўзгаришларга ҳавасимиз келарди, қанийди, бизнинг маҳалламиз ҳам шундай чиройли бўлсайди, деб орзу қилардик.

Худога шукр, Президентимиз ташаббуси билан бизнинг қишлоғимизга ҳам янги ҳаёт кириб келди. Одамлар бу ердаги ўзгаришларни кўриб, давлатимиз раҳбари бизнинг орзуларимизни амалга оширяпти, деб шодланишмоқда. Қисқа вақтда шундай улкан ишлар қилиндики, буларнинг барчаси Манасда бўлаётганига ишонгинг келмайди. Республика, вилоят, қўшни Самарқанддан ҳам қурувчилар келиб, кечаю кундуз ишлашяпти.

Кўп қаватли уйларнинг ўртасида тандирхоналар қурилди, деворлар пардозланди. Болалар учун ўйин майдончалари барпо этилганидан уларнинг қувончи чексиз.

Ўзим учта келин олдим, икки қиз чиқардим. Келин-невараларим билан кичик уйда тиқилишиб яшаётган эдик. Энди бизнинг ҳам бағримизга шамол тегади, қишлоғимизда янги қуриладиган уйлардан болаларимга ҳам насиб қилишидан кўнглим тўқ. Атиги бир-икки ой ичида яшаш тарзимиз бундай ўзгариб кетганига ўзимизнинг ҳам ишонгимиз келмайди, лекин бу ҳақиқат. Ана кўринг, кўчалар тартибга келтирилиб, дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди, ўртасига фаввора ўрнатилган хиёбон барпо қилинди. Мени энг қувонтиргани, бунёдкорлик ишлари бошлангандан буён ҳамма болаларим ишли бўлди.

Эгам АБДИЕВ, бахши:

– Ёшим 85 га чиқди. Тўрт бобом бахши ўтган. Етмиш йил турли идораларда ишладим, бахши бўлиб элнинг хизматини қилдим. Худога шукр, кам бўлмадим. Кексайганимда шундай катта ишларни кўриб, невараларимнинг бугунига, келажагига ишончим ошди.

Элингда ёшинг бўлмаса, юзга бошинг қўшилмас, юртингда бошинг бўлмаса, юртга бошинг қўшилмас, деган нақл бор. Президентимизга катта раҳмат, уйсиз оилаларга уй беряпти, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзяпти. Қишлоғимиз кексаларига, ногиронларга Наврўз кунлари озиқ-овқат маҳсулотлари, совға-саломлар берилди, бундан руҳимиз тоғдек кўтарилди. Манас бобомиз номи билан аталувчи шу табаррук жойларда амалга ошираётган ишлари учун у кишини азизларимизнинг руҳи қўлласин.

Холбўта МИНГЖИГИТОВ, Манас қишлоғидаги 5­умумтаълим мактаби директори:

– Мактабимизда ўзбек тилида дарс берилади, қирғиз синфлар ҳам мавжуд. Қишлоғимиздаги ўзгаришлар, аввало, болаларимизга қулайлик яратмоқда. Президентимиз томонидан Манас “Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, бу ерда қилинаётган ишлар қишлоғимиз аҳли, айниқса, фарзандларимизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлади. Қишлоғимиздаги иккита мактаб таъмирланди, бундан бениҳоя хурсандмиз. Мактабимиз ўқувчилари ва ўқитувчилар форма билан тўлиқ таъминланди. Жиззах политехника институти томонидан мактабимизда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилди. Олдин машғулотлар синфхоналарда олиб борилган бўлса, энди ўқувчиларимиз замонавий жиҳозланган мажмуада ҳунар ўрганмоқда.

Ҳалима ЖЎЛМАТОВА, 27­оилавий поликлиника мудираси:

– Тиббиёт муассасамиз илгари қишлоқ врачлик пункти эди. Манас “Обод қишлоқ” дастурига киритилгандан сўнг қайта реконструкция ишлари олиб борилиб, оилавий поликлиникага айлантирилди. Айни пайтда бу ерда жарроҳ, акушер-гинеколог, педиатр, УТТ шифокори, стоматолог ва терапевт ишлаяпти. Муассасамиз замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Жумладан, лаборатор клиник ташхислаш, касалликларни шу ерда аниқлаш ва даволаш имкониятлари яратилди. Илгари бу ерда фақат умумий амалиёт шифокори хизмат кўрсатган, аҳоли кўпинча қарийб 25 чақирим олисда жойлашган туман тиббиёт бирлашмасига боришга мажбур эди. Ҳозир шу ернинг ўзида мутахассислар кўригидан ўтиб, даволаниш имкониятига эга бўлди, кундузги стационар ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари поликлиникамиздаги шароитларни кўздан кечирар экан, оилавий поликлиника аҳолини касалликлар профилактикаси билан тўлиқ қамраб олиши, одамлар бошқа жойга даво излаб бориб овора бўлмаслиги кераклигини таъкидлаб, зарур тавсиялар берди.

Гавҳар ТЎПЧИЕВА, тикувчи:

– Бугун “Заминтекс” МЧЖга қарашли тикув цехи очилиб, мен ҳам шу ерга ишга қабул қилиндим. Бундан жуда хурсандман. Бизга янги тикув машиналари берилди, уларда дастлабки буюртмаларни тикишга киришдик. Қишлоғимизда уй бекалари учун иш ўринлари ташкил этилгани биз учун катта имконият бўлди.

Замира МАМАШАРИПОВА, Манас қишлоғидаги 12­умумтаълим мактаби ўқитувчиси:

– Қишлоғимизда ҳақиқатан ҳам ҳавас қилгулик ўзгаришлар бўляпти. Бу ерда атиги қирқ беш кунда бажарилган ишларни бир неча йилларга қиёслаш мумкин. Эътибор берсангиз, бугун маҳалладошларимиз Манасни қишлоқ эмас, шаҳар дейишяпти. Бу гапларда муболаға йўқ. Манаснинг шоҳкўчаси бор, ундан юрсангиз, ўзингизни шаҳарда юргандай ҳис қиласиз. Кўча бўйидаги ҳамма уйлар таъмирланган, атрофига дарахт кўчатлари экилган, йўлаклар қилинган. Айтинг, шаҳардан қаери кам? Булар ҳаётимизга янги мазмун олиб кирди. Бундан бошимиз осмонга етди.

Дўстмамат ЭРГАШЕВ, маҳалла фаоли:

– Қишлоғимизда ичимлик суви йўқ эди, одамлар экин-тикинидан тортиб рўзғорида ҳам сизот сувлардан фойдаланишга мажбур эди. Йўл деган нарсанинг ўзи йўқ эди ҳисоб, энди ёшларимиз ҳеч қийинчиликсиз асфальт йўлдан ишга бориб-келяпти. Томлар эскириб кетганидан чакка ўтарди, улар ҳам тўлиқ янгиланди. Уйларга алоҳида-алоҳида иситиш қозонлари ўрнатилди, бу одамларга қулайлик бўлди. Новвойхонада ўзимизнинг йигит-қизларимиз ишлаяпти. Маданият саройимизни худди шаҳарникидек дейсиз, бу ерда турли концертлар, байрам тантаналари ўтказилади. Шундай савобли ишлар бошида турган Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

Луиза МАМАТОВА, “Айчурек” мактабгача таълим муассасаси раҳбари:

– Манасдаги иккита боғчанинг ҳам шароити оғир аҳволда эди. Қишда совуқ бўларди, болаларимиз кўпинча шамоллаб қоларди. Мана энди ўзим тубдан таъмирланган мактабгача таълим муассасасида мудира бўлиб ишлаяпман. Боғчамизга 130 бола қатнайди, яна 70 бола навбатда турибди. Бундан ташқари, иккита қисқа муддатли гуруҳлар ташкил қилдик. Жанубий Корея тажрибаси асосида боланинг кичик ёшдан қобилиятини ўстиришга мўлжалланган дастурларга мувофиқ иш олиб борамиз. Илгари болалар ётоқхонасидан ҳам ўйинхона, ҳам ошхона, ҳам машғулот зали сифатида фойдаланган бўлсак, энди ўйинхона, ётоқхоналар алоҳида-алоҳида, кутубхона, ёзги ва қишки ошхонамиз бор, сузиш ҳавзаси битай деб қолди. Мақсадимиз бу имкониятлардан фойдаланиб, қишлоғимиз болаларини замонавий инсонлар этиб тарбиялашга эришишдир.

Президентимиз боғчамизга ташриф буюрганидан ғоят хурсандмиз. Давлатимиз раҳбари: “Қишлоқ жойларда ҳам мактабгача таълим муассасаларини замонавий қилиб таъмирлашдан энг катта мақсадимиз, аввало, оналарни рози қилишдир. Оналар рози бўлса, жамиятимизда вазият ўзгаради. Мактабгача таълимда катта ишларимиз энди бошланяпти. Узоқ қишлоқларимизда болаларимизнинг тинчлигини, соғлиғини таъминлай олсак, билимини, ўз куч-қудратига ишончини ошира олсак, миллатимиздан яна Берунийлар, Навоийлар, Улуғбеклар, Бобурлар етишиб чиқади, мен бу йўлда сизларга ишонаман”, деди. Биз ана шу ишончни оқлаш йўлида астойдил ишлашимиз керак.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.