АнжирбоІ янги іиёфа касб этмоіда

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq Hayoti» - Ҳамроз АЛИ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Айни кунларда Вобкент туманининг “Анжирбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Анжирбоғ қишлоғига ташриф буюрсангиз, чиройли кўринишга келтирилган аҳоли яшаш уйлари, тозаланган ариқлар, шакл берилган дарахтлар, обод ва кўкаламзорлаштирилган кўчалар, қўйингки, қишлоқдаги бунёдкорлик ва янгиланиш жараёни кўнглингизга хуш кайфият бағишлайди.

Муқаддас Етти пирнинг бири – Маҳмуд Анжир Фағнавий мангу қўним топган зиёратгоҳ билан туташ мазкур ҳудуд давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга татбиқ этилган “Обод қишлоқ” дастури доирасида ана шундай қиёфа касб этмоқда.

Режа асосида барча хонадонлар оқланиб, тартибга келтирилди. 20 та уй томи шифер қилинди, 1,8 километр узунликдаги ички йўллар таъмирланди. Анжир Фағнавий зиёратгоҳига олиб борадиган 2 километрли йўл текисланиб, асфальт ётқизишга ҳозирланди.

Қишлоқдаги 50 қатновли оилавий поликлиниканинг том қисми тўлиқ таъмирланди. Ушбу тиббиёт муассасаси ва ҳудуддаги 33-умумтаълим мактабини жорий таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Туман ҳокими ўринбосари Султонмурод Тешаевнинг таъкидлашича, собиқ ширкат хўжалиги идораси айни кунда маданият ва аҳоли дам олиш маркази вазифасини ўтамоқда. Бино йиллар ўтгани сайин нураб, яроқсиз ҳолатга келган эди. Лойиҳа доирасида мазкур иморатда ҳам 500 миллион сўмлик маблағ эвазига мукаммал таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.

Дастурга кўра, қишлоқ ҳудудида яна 12 та маиший хизмат кўрсатиш биноси фойдаланишга топширилади. Фаолият кўрсатаётганлари эса қайта таъмирланади. Бундан ташқари, мавжуд сув тармоқлари таъмирланиб, қишлоқнинг ички қисмига 500 метр, хонадонлар учун эса 3 километр масофага ичимлик суви қувурлари тортилади.

Қишлоқ аҳолисининг тарқоқ жойлашгани ва электр энергияси тармоқлари техник талаблар даражасида эмаслиги инобатга олиниб, бу борада ҳам зарур чоралар кўрилди. 500 метр масофадаги эски, яроқсиз симёғочлар янгисига алмаштирилди, 1,8 километр масофага эса янги линия тортилди.

– Етти юзга яқин хонадондан иборат Анжирбоғ қишлоғида бу йилги баҳор одамлар қалбига илиқлик, эртанги кунга ишонч бағишловчи хайрли ишлар билан бошланди, – дейди “Анжирбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилшод Муқимов. – Амалга оширилаётган бунёдкорлик ҳаракатлари аҳоли кайфиятини кўтариб юборди. Каттаю кичик бел боғлаб, қишлоқ ободлиги учун ҳашарга отланди. Йўллар, кўчалар ва хиёбонлардан бошланган ободлик хонадонларга кириб бормоқда. Барчани бирдамлик ва ҳамжиҳатликка чорлаган ташаббусдан ҳамма мамнун.

Бу каби эзгу ишлар воҳанинг бошқа туманларидаги қишлоқларда ҳам амалга оширилаётгани эса қувонарли ҳолдир.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.