Томор³а маданияти: Одамларга балиқ эмас, қармоқ бериш керак

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq Hayoti» - Қобилжон АСҚАРОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Яқинда Олтинкўл туманидаги “Андижон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Абдуфаттоҳ Холматовнинг хонадонида бўлдик. Ҳовлига қадам қўяр эканмиз, бир томондаги иссиқхона ҳамда унга туташ симбоғич устига ёйилган плёнкалар эътиборимизни тортди. Ҳамроҳимиз – маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қаҳрамон Эшонов мазкур хонадонда томорқадан фойдаланиш бўйича ибратли тажрибалар тўпланганлигини айтиб берди.

Хонадонда уч хўжалик, жумладан, ота-она, икки ўғил оиласи билан ҳаёт кечиради. Ўтган йилнинг баҳорига қадар мазкур хонадонда томорқа айтарли даражада даромад манбаи бўлмаган. Томорқаларда иссиқхоналар қуриш, бунинг учун банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш ташаббуси бошлангач, мазкур ҳудуд аҳолисининг иссиқхонага бўлган талаблари “Асака” банкнинг “Фарҳод” филиали ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди. Шу чоғда Абдуфаттоҳ Холматов ҳам баъзи бир маҳалладошлари каби иссиқхона қурилиши ва ундан фойдаланиш орқали тўкин-сочин ҳаётни таъминлашни кўз олдига келтира олмади. Қачонки, фаоллар бу борада кенг тушунтириш ишлари олиб борганларидан сўнггина мақсадга эришиш мумкинлигини англади. Иборали қилиб айтганда, Абдуфаттоҳ одамларга тайёр балиқ эмас, балки қармоқ бериш фойдали эканлигини бир йил ичида ҳис этди. Энди у иссиқхонадан оёғини узмайди. Янги-янги ғояларни бир-бирига солиштиради, маъқул келганини эса татбиқ этади.

Икки сотихлик иссиқхона қурилиши учун банк 10 миллион 400 минг сўм имтиёзли кредит ажратди. Қурилиш давомида ушбу майдонга етарли миқдорда лимон кўчати ўтқазилди. Кеч қолиб бўлса-да, очиқ майдонга 3,5 минг донадан зиёд лимон шохчаларини суқиб қўйди.

Кузга бориб томир отган ниҳолларни ихчам плёнкали қопчаларга жойлаб, иссиқхонасига олиб кирди. Баҳор яқинлашгач, кўчатларни бозорга олиб чиқди. Умрида лимон кўчати қандай бўлишини билмаган Абдуфаттоҳ бир зумда 30 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Қўштепа қишлоғида машҳур бўлиб кетди. Савдо давомида бирорта харидор билан тортишмади ва уларни оғринтирмайдиган нархда кўчатларини сотиб, 8,5 миллион сўмдан зиёд даромад олди. Бунча пулни кўрган катта оиланинг барчаси “қармоқ”да барака борлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилишди. Банкдан олинган 10 миллион 400 минг сўм билан қисқа муддатда келган 8,5 миллион сўм даромадни қиёсланг.

Иссиқхонадаги барча лимонлар томир отди. Ҳозирда гулга киряпти. Субтропик меваларга қизиқиши ортаётган Абдуфаттоҳ етти туп мандарин ҳам ўстирмоқда. Улар қийғос гуллади. Лимон атрофида 600 тупдан зиёд помидор кўчатлари эркин ривожда. Мана сизга балиқ билан қармоқнинг фарқи.

Айни кунда Андижон маҳалласидаги 62 та хонадонда “Асака” банк кўмагида барпо этилган иссиқхоналарда лимон кўчатлари парваришланмоқда. Кўчатлар тўла ҳосилга киргунга қадар эса помидор, қалампир, бодринг, резаворлар парвариши олиб бориляптики, имтиёзли кредитни емоқ-ичмоқдан орттириб, қайтаришга иқтисодий шароит яратилмоқда.

МАҲАЛЛАДА КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ОИЛА ҚОЛМАЙДИ

Ҳамроҳимиз Қаҳрамон Эшоновнинг маълумотларига қараганда, маҳаллада 562 та хонадон бор. Экин экишга яроқли майдон эса 52 гектардан иборат. Аввалги йилнинг бошида ўтказилган хатловда маҳалла ҳудудида 19 та кам таъминланган оила борлиги қайд этилган. Орадан бир йил ўтгач, бундай оилалардан 9 таси қолди. Рўзғори бут, қўл қовуштириб яшашдан йироқ инсонлар кам таъминланган қўни-қўшниларига кўмак беришни бошлашгани нур устига нур бўлди.

Ҳудуддаги “Ҳосил натижаси бахти” фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммаджон Мўйдинов рўзғори оғирроқ Зоҳиджон Зокиров хонадонига лимон етиштириш учун бир сотихлик иссиқхонани ўз ҳисоби- дан қуриб берди. Орадан бир йил ўтиб, Зоҳиджоннинг оиласида ҳам барака кўринди. Садоқат Комилова, Назокатхон Ҳомидова, Турсунали Ҳайдаров, Муҳаммаджон Солиевларнинг турмуш тарзида ҳам ижобий ўзгаришлар юз кўрсата бошлади. Уларнинг ишларини кўриб, хулоса қилдикки, Қаҳрамон Эшонов айтганидек, йилнинг охирига қадар мазкур маҳаллада “кам таъминланган оила” деган тушунчадан асар ҳам қолмайди.

КАРТОШКА ОРТИДАН КЕЛГАН “ДАМАС”

Бугун маҳалладаги қайси бир хонадонга кирсангиз, плёнка остига экилган картошка ривожининг илдамлиги эътиборингизни тортади. Энг сўнгги хонадонда ҳам ана шундай манзарага дуч келдик.

Қаҳрамон Эшонов ҳам икки сотих ерда иссиқхона қуриб, лимон кўчатлари ўтқазган экан. Эрта экилган картошканинг ҳосилга ётганлиги ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

– Маҳалламизда картошка азалдан биринчи экин ҳисобланади, – дейди у. – Томорқадан фойдаланиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар барчанинг уйқусини қочирди. Кимки эртароқ ҳосил яратса, мўмай даромад олишини тушуниб етди. Мақтанишга йўйманг, мен маҳалла раиси сифатида ўзгаларга томорқадан фойдаланиш бўйича ташвиқот қилсам-да, хонадонимда бунинг акси бўлса, ишлашдан не фойда?

Ўтган йили маҳаллада эртаки картошка май ойининг ўрталарида тайёр бўлган эди. Қаҳрамон Эшонов хонадонида ва бир гектарлик боғ орасида парвариш қилинган картошка чунонам ҳосил бердики, бамисоли барака осмондан ёғилгандек бўлди. Рўзғордан ортганига “Дамас” машинаси харид қилинди.

Картошка парвариш қилаётган деҳқонларнинг айтишларича, экин-тикин ишлари ўтган йилга нисбатан 20 кун аввал бошланди. Демак, май ойининг бошида Андижон маҳалласида етиштирилган картошка бозорга чиқади. Маҳаллада оз эмас, 36 гектар картошка пайкали борлигини ҳисобга олсангиз, ундан келадиган даромад ўтган йилгига нисбатан янада мўлроқ бўлишини сезасиз. Унинг ўрнига эса яна бозорбоп экинлар экилади ва даромадга даромад қўшилади.

Биз маҳаллада, аввало, аҳиллик, уюшқоқлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳити мавжудлиги, энг муҳими, дангасалик иллати йўқлигини кузатдик. Яна бир жиҳат, икки йилдан буён ҳудудда бирорта ҳам кўнгилсиз ҳодиса, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари рўй бермаган, бу ҳам маҳалланинг ўзига хос кўзгусидир.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.