Картошка куяси – ҳосил кушандаси

УНГА ҚАРШИ КУРАШИШНИ АСЛО КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИ

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq Hayoti» - Ражаббой ОЧИЛОВ, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ раиси ўринбосари.

Картошкадан юқори ва сифатли ҳосил олишнинг асосий чораларидан бири уни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишдир.

Картошканинг энг хавфли зараркунандаси – картошка куяси ҳисобланади. У картошкадан ташқари помидор, бақлажон, ёввойи итузум, тамаки ва бошқа итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларни ҳам зарарлайди.

Картошка куясининг ватани Жанубий ва Марказий Америка ҳисобланиб, юртимизда биринчи марта 2009 йилда Хоразм вилояти Шовот туманида аниқланган. Ҳозирда бу зараркунанда республикамизнинг барча ҳудудларига тарқалиб, картошкачиликка катта хавф туғдирмоқда. Зараркунанда 22-26 даража ҳароратда ва 70-80 фоиз нисбий намликда яхши ривожланади. Етук қуртлик ёки ғумбаклик ҳолида қишлайди.

Зараркунанда капалаклари бир-икки дона уруғни картошка баргларига, очилиб қолган туганакларига, агар тупроқ билан картошка кўмилган бўлса, тупроққа ҳам қўяди.

Тухумдан чиққан қуртлар картошка баргининг, туганакнинг ичига кириб олиб озиқланади. Улар битта картошкада 15 тагача бўлади. Айниқса, эртаки картошка ўрнига такрорий картошка экилса, ўсим- лик кучли зарарланиши мумкин.

Картошка куяси ҳосилни омборхоналарда сақлаш жараёнида ҳам тўхтовсиз ривожланиб, тухум қўяди. Шу боис бундай омборхоналар унинг асосий тарқалиш ўчоқларидан бири ҳисобланади. Омборхонада сақланаётган картошка 25-80, баъзан 100 фоизгача зарарланиши кузатилган.

Бунда куянинг урғочи капалаги жуфтлашиб, урчигач, бир кундан сўнг дастлабки тухумларини қўйишни бошлайди. Капалак ҳаёти давомида 150-200 донагача тухум қўяди. Капалаклар кундузи баргнинг орқа томонига жойлашиб, тинч ҳолатда бўлади. Кечки пайт, ғира-шира қоронғи тушиши билан 2-3 соат ва эрта саҳарда, тонг отишига яқин 1-2 соат давомида жуда фаоллашиб, учади, шу пайтларда тухумларини қўяди. Капалаклар тухумларни картошка поясининг ўсув нуқтасига, янги чиққан баргларга, илдиз бўғзига, кесаклар ва туганаклар кўзчаларига биттадан, баъзан иккитадан ҳам қўяди.

Қуртлар тухумдан 5 кунда чиқади. Қиш мавсумида уларнинг чиқиши бир мунча чўзилади. Тухум ичи- да етилганлари, тухум қобиғини кемириб, ташқарига чиқади ва шу жойдаги ўсимликларни кемириб зарарлайди.

Тухумдан чиққан қуртлар бирданига баргни кемирмайди. Аввалига ўргимчак тўрисимон тўрлар тўқийди ва шунинг ичида юриб, бироздан кейин барг, меваларга йўл очади ва уларни кемиришга тушади. Одатда қуртлар битта йўл очиб олади, агар озуқа кам бўлса, иккинчи йўлни ҳам очиши мумкин.

Қуртлар бир баргдан иккинчисига тез-тез ўтиб туради ва баргларни ўргимчак тўри билан бир-бирига боғлайди. Дала шароитларида қуртлар баргдан ташқари пояларни ҳам зарарлаб, эпидермис қаватидан йўл очиб ташлайди. Қуртлар тўртинчи ёшга етганларида жуда катта зарар келтира бошлайди.

Картошка куяси янги карантин зараркунанда бўлганлиги сабабли 2016 йилда вилоятларда тарқалиб, зиён етказган ҳолатлар кузатилди. Айниқса, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида очиқ майдонларда етиштирилган картошкага зарар етказди. Мутахассислар, мутасадди раҳбарлар ва фермерлар бу янги зараркунанданинг биоэкологиясини билмаганлиги, уларга қарши курашиш бўйи- ча тавсиялар йўқлиги бунга асосий сабаб бўлди.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти ва унинг вилоят ва туманлардаги тизим ташкилотлари қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, хорижлик олимлар таклиф этилиб, ўқув семинарлар ташкил этилди. Тавсияномалар ишлаб чиқилиб, картошкачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига етказилди.

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарларининг бу борадаги малакасини ошириш мақсадида юқори малакага эга олимлар иштирокида ўқув семинарлари ўтказилди.

Картошкани омборларда паст ҳарорат (3-5°)да сақлаш зарур. Шунда картошка куяси ривожланишдан тўхтайди ва нобуд бўлади.

Тупроқ ва иқлим шароитларини ҳисобга олиб, картошка куясига чидамли нав ва дурагайларни экиш, уларни илмий асосда жойлаштириш, алмашлаб экишни тўғри ташкил этиш, кузги шудгорни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, мавсум охирида ўсимлик қолдиқларини кўмиш керак.

Картошка куясини аниқлаш ва унга қарши курашишда махсус феромон тутқичлардан фойдаланиш яхши натижа бермоқда. Бунда феромон тутқич сувли идиш ўртасига махсус қурилмаларда жойлаштирилади. Сувнинг ёпишқоқлигини ошириш учун идишдаги сувга озгина суюқ совун солинади. Бундай феромон тутқичларни гектарига 15-20 тадан ўрнатиш тавсия этилади.

Картошка куяси, колорода қўнғизи ва бошқа зараркунандаларга қарши курашишда 20 фоизли Кореген, 15 фоизли Замектин гектарига 0,12-0,15 литр, 40 фоизли БИ-58 (янги) гектарига 1,5-2,0 литр, 30 фоизли Импалла гектарига 0,15 литр, 10 фоизли Корал гектарига 0,2-0,4 литр миқдорида ишлатилади. Ушбу инсектицидлардан бирини ўз вақтида қўллаш юқори самара беради.

Кимёвий ҳимоя воситалари билан 15-20 кун оралатиб, 3-4 марта ишлов бериш яхши самара беради. Такрорий ишловлар ўтказилганда препаратлар алмаштириб ишлатилса, тадбирнинг самараси юқори бўлади.

Уруғликка мўлжалланган картошка кузда инсектицидлар билан дориланиб сақланади. Селест топ (0,05 фоизли), децис (0,1 фоизли) ва циперметрин (0,03 фоизлик) препаратлари қўшилган сувли эритмада картошка “чўмилтириб” олиниб, сўнгра қуритиб, сақлаб қўйилса, картошка куясининг “уйи куяди”.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.