«Коинот» далаларида яшил қаторлар

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница - Қобилжон АСҚАРОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Деҳқонлар ўртасида “Йил йилга ўхшамайди”, “Даланинг томи йўқ” деган иборалар бот-бот тилга олинади. Бу деҳқончиликнинг ўзига хос томонлари бисёрлигига ишора. Бу йил куз ва қиш фаслида деҳқоннинг кўзи осмонда бўлди, десак муболаға бўлмайди. Негаки, қиш илиқ келиб, ёғин-сочин кам бўлди.

Ана шундай шароитда ишнинг кўзини биладиган фермерлар ҳайдовни пешма-пеш ўтказиб, ортидан текислаш ва пушта олишни узвий тарзда олиб боришди. Пушта суви бериш орқали тупроқда нам тўплашга эришилди. Балиқчи туманидаги “Коинот” фермер хўжалиги раҳбари Соҳибахон Худойбердиева устоз кўрган, кўп йиллик тажрибаларга алоҳида эътибор билан қарайдиган деҳқонлардан. У чигит экиладиган 25 гектар майдонга пушта олиб, сув берганлиги боис, имкон туғилиши биланоқ чигитни экиб қўйди.

19 март куни чигит экилган далада 27 март куни ғўза ниҳоллари кўзга ташлана бошлади. Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Фарҳодбек Набижонов билан “Коинот” далаларида бўлдик. Ниҳолларнинг бир текис бўй кўрсатиши деҳқончиликда камёб ҳодиса. Соҳибахон бундан мамнунлигини изҳор этиб, пуштани ўйлаб топганларга раҳмат айтди.

Чигит плёнка остига экилгани, қуёш нурлари ерни етарли даражада қиздираётгани туфайли ниҳоллар дуркун авж олмоқда. Мазкур хўжаликда ҳар эгатнинг ўз эгаси бор. 28 нафар аъзо эгатма-эгат юриб, ҳар бир уяни кўздан кечириб чиқди ва кўчат олиш борасида муаммо йўқлиги аниқланди.

Соҳибахон Худойбердиева фермерликни 2007 йилда бошлаган. Ўшандан буён унинг хўжалигида ғалла ва пахта ҳосилдорлиги ҳамиша барқарор. Деҳқончилик юритиш борасидаги тажрибалари асосида эса бир неча бор кўргазмали семинарлар ташкил этилган. Қўш қаватли дала шийпони катта йўлдан ўтганларнинг эътиборини тортади. Хўжаликда чорвачилик, асаларичилик ҳам йўлга қўйилган. Яқинда учта ихчам иссиқхона қурилиб, уларда помидор, бодринг, резаворлар, лимон кўчатлари парвариш қилишга киришилди.

Тиниб-тинчимас фермер Президентимиз даъватига жавоб тарзида “Қияли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 25 ўринли болалар боғчасини ҳам ташкил этди. Билимли, эпли тарбиячилар танлов асосида ишга олинди. Мазкур мактабгача таълим муассасасида рус ва инглиз тили бўйича таълим бериш жорий этилганлиги ота-оналарни беҳад қувонтирмоқда.

2017 йилнинг 8 декабрида Соҳибахон учун унутилмас воқеа содир бўлди. У республикамизда илк бор ўтказилган Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни шарафига бағишланган байрамни пойтахтда нишонлади. Анжуманлар саройидаги тантанали маросимда давлатимиз раҳбарининг қўлидан “Шуҳрат” медалини олди.

– Ушбу мукофот менга катта масъулият юклайди, – дейди у. – Биз, фермерларга эътибор баланд. Бунга муносиб жавоб қайтармай, юрт равнақига ҳисса қўшмай бўладими?! Қолаверса, деҳқончиликда илғор усуллар жорий этилмоқда. Молиявий масалалар ва лизинг муносабатларида фермерларни қувонтирадиган янгиликлар юз берди. Бизга фақат сифатли ва юқори ҳосил яратиш қолди холос.

Меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими Аҳмаджон Хожиевнинг эътироф этишича, Соҳибахон деҳқончилик илмини эгаллашда ҳамкасблари орасида пешқадам. У эришаётган ютуқларининг сири ҳеч қачон бугунги ишни эртага қўймаслигидадир. Буни бугун у бошлиқ жамоанинг ғўза ниҳоллари бир текис униб чиққан далаларида ягана ўтказаётганида ҳам кўриш мумкин.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.