Манас – ободликда қалдирғоч

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бутун мазмунмоҳияти билан фақат инсон манфаатларини ифода этмоқда

Qishloq Hayoti (Village Life) - - Первая Страница - Муқимбой ИСМОИЛОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Арзон турар жойлар қурилаётганлиги, улар асосан кам таъминланганлар ва ногиронлиги бор фуқароларга имтиёзли шартларда ажратилаётганлиги, тадбиркорларга енгилликлар яратилиб, қулай инвестицион муҳит юзага келтирилиши ва ишлаб чиқаришни тараққий эттириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, қўшни давлатлар билан муносабатларнинг илиқлашуви, ҳатто, китоб ўқиган болага автомашина берилаётгани замирида одамларнинг турмушини яхшилаш, маънавиятини юксалтириш, юртимизни дунёнинг илғор мамлакатлари сафида бўлишини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам.

Мана энди мамлакатимиз Президентининг бевосита ташаббуси ва бош-қошлигида “Обод қишлоқ” дастури ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу дастурининг амалга оширилиши чекка ҳудудларда яшаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳаётини яхшилашга, уларга муносиб турмуш тарзи учун шарт-шароитлар яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Манас қишлоғи мамлакатимизда бошланган “Обод қишлоқ” дастурини ҳаётга татбиқ этишда намуна сифатида тарихда қолди.

Ўтган асрнинг 60-йилларида вилоятнинг энг чекка ҳудудида барпо этилган мазкур қишлоқда бугунги кунда 6,5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Кейинги йилларда инфратузилма иншоотлари, кўча ва йўллар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий-маиший хизмат кўрсатиш сифати талабга жавоб бермаслиги натижасида одамлар анча қийналаётган эди. “Обод қишлоқ” дастури асосида бу ерда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа муддатда, яъни 45 кунда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Дастур доирасида сизот сувлари сатҳи кўтарилишини бартараф этиш учун 41 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари тозаланди. Икки қаватли 34 та уйнинг томи қайта ёпилди. Уй-жойлар атрофидаги режасиз қурилишлар ўрнида янгидан ёрдамчи бинолар, тандирхоналар қурилди. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Қишлоқнинг марказий Чилонзор кўчасида бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилади. Хусусан, 100 ўринли мактабгача таълим муассасаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси ҳамда 2,2 гектар майдонда истироҳат боғи юзага келтирилди. Боғда маданий ҳордиқ чиқариш учун барча шароитлар яратилди. Мавжуд 21 та кўчанинг икки томонида бетон ариқлар қурилди.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 6,5 километрлик қувур ётқизилди. Сув тарқатиш иншоотлари таъмирдан чиқарилди. 2 та умумтаълим мактаби таъмирланиб, қайта жиҳозланди. Ушбу мактабларда ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси барпо этилиб, дурадгорлик, чилангарлик, тикувчилик дастгоҳлари билан таъминланди. 17 та болалар майдончаси, 2 та мини футбол майдони, 250 ўринли стадион барпо этилди.

– 48 йилдан буён Дўстлик туманида яшайман, – дейди “Нуроний” жамғармасининг Дўстлик тумани бўлими раиси Омон Қувватов. – Аммо раҳбарларнинг уйма-уй кириб, “Аҳволингиз қалай, нима муаммолар бор”, деб одамлардан ҳол сўраганини кўрганим, эшитганим йўқ. Бу ишни Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаб берди. Айни вақтда энг юқоридан то энг қуйи бўғиндаги идоралар раҳбарларининг бош вазифаси халқимизни рози қилиш бўлиб қолди. Илгари Манас қишлоғида тоза ичимлик суви йўқ эди, одамлар экин-тикинидан тортиб рўзғорига ҳам сизот сувлардан фойдаланишга мажбур эди. Йўлнинг аҳволи ўзига яраша эди. Энди аҳолимиз ҳеч қийинчиликсиз асфальт қилинган йўлдан ишга бориб-келяпти. Томлар ҳам тўлиқ янгиланди. Икки қаватли уйларга иситиш қозонлари ўрнатилди. Новвойхонада манаслик йигит-қизларимиз ишлаяпти. Маданият саройини худди шаҳарники дейсиз, бу ерда турли концертлар, байрам тантаналари ўтказилади. Манасда амалга оширилаётган ишлар ҳам давлатимизнинг халқимизга бўлган эътибори, давлат идоралари вакилларининг оддий одамлар билан мулоқоти самарасидир. Юзлаб кишиларнинг меҳнати, саъй-ҳаракатлари боис бугун бу қишлоқ тубдан ўзгарди. Айтиш жоизки, ободлик халқ кайфиятини белгилайди. Худога шукр, Президентимиз ташаббуси билан бизнинг қишлоғимизга ҳам янги ҳаёт кириб келди. Қисқа вақтда шундай улкан ишлар қилиндики, буларнинг барчаси Манасда бўлаётганига ишонгинг келмайди.

“Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бошлангандан буён қишлоқда 200 нафардан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Жумладан, тикувчилик цехлари қурилиб, қишлоқ хотин-қизларидан 120 нафари ишга жойлаштирилди.

– Илгари уйда тикувчилик қилардим, – дейди Ҳамид Олимжон кўчасида яшовчи Ойдин Худойбердиева. – Аммо корхонада ишлаш ниятим бор эди. Иш сўраб мурожаат ҳам қилгандим. Бугун ниятим ушалди.

30 та иссиқхона, кўп қаватли уйларда яшовчи фуқароларнинг молларини боқиш учун 100 бошга мўлжалланган замонавий ферма қурилди. Шу ерда ветеринария пункти ишга туширилди. Аҳолининг кундалик эҳтиёжини таъминлаш мақсадида замонавий кўринишдаги 31 савдо дўкони, новвойхона, ҳаммом барпо этилди. 500 ўринли “Манас” маданият саройи тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, маданий-маърифий масканга айлантирилди. Қишлоқ врачлик пункти қайта реконструкция қилиниб, унинг ўрнида 500 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ташкил этилди.

– Айни пайтда бу ерда жарроҳ, акушер-гинеколог, педиатр, УТТ шифокори, стоматолог ва терапевт ишлаяпти – дейди 27-оилавий поликлиника мудираси Ҳалима Жўлматова. – Муассасамиз замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Жумладан, лаборатор клиник ташхислаш, касалликларни шу ерда аниқлаш ва даволаш имкониятлари яратилди. Олдин бу ерда фақат умумий амалиёт шифокори хизмат кўрсатган, аҳоли кўпинча 22 чақирим олисда жойлашган туман тиббиёт бирлашмасига боришга мажбур бўларди. Ҳозир шу ернинг ўзида тор мутахассисликлар кўригидан ўтиб, даволаниш имконияти яратилди, кундузги стационар ташкил этилди. Президентимизнинг оилавий поликлиникамизда бўлиб, бизларга берган кўрсатмаларига амал қилиб ишлаймиз.

– Айниқса, аёллар саломатлигига қаратилаётган эътибор жуда юқори бўлди, – дейди шу қишлоқда истиқомат қилувчи Мастура Ўтанова. – Пойтахтлик малакали шифокорлар иштирокида хотин-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўрик- дан ўтказилди, бирламчи зарурий дори-дармон воситалари бепул тарқатилди. Жисмоний имконияти чекланган қишлоқдошларимиз протез, эшитиш ускунаси, ногиронлик аравачаси билан таъминланди.

Қишлоғимизда бўлаётган бу ўзгаришлар тушда кечаётгандек.

– 8 йилдан буён уйда тикувчилик қиламан, корхона очиш ниятим бор, аммо имкониятим йўқ эди, – дейди “Холбиби–Сафаргул люкс” корхонаси раҳбари Гулхумор Тоғаева. – Мана, кредит эвазига корхона очдик. 16 кишини иш билан таъминладик. Келажакда ишчилар сонини 50 нафарга етказиш режамиз бор.

102 нафар манасликлар ҳудуддаги 24 та фермер хўжаликларига ишга жойланди. Бундан ташқари, банклар томонидан 21 та тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришга қаратилган қиймати 3,8 миллиард сўмлик лойиҳаларни молиялаштириш юзасидан манзилли дастур ишлаб чиқилди. “Агробанк” томонидан 62 та фермер хўжалиги ҳудудида иссиқхоналар барпо этиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Бугунгача вилоят банклари томонидан 10 та иссиқхона қурилиши якунланди.

– Президентимизнинг одамларнинг кундалик ташвишлари, мақсад-муддаолари билан яшашга интилиши, турли долзарб масалаларга ўз вақтида, тез ва оқилона ечим топиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари барча фуқароларни янада фаол бўлишга, юртимиздаги ғамхўрлик ва эътиборнинг қадрига етишга, инсон манфаатлари доим устувор эканини дилдан англашга ундамоқда, – дейди меҳнат фахрийси Абдували Турдибеков. – Шароити мураккаброқ бўлган қўни-қўшни, нуронийларга, боқувчисини йўқотган ёлғиз кексаларга, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, ён-атрофнинг тозалиги, тунда ёруғ бўлиши ва хавфсизлиги учун масъулиятни теран ҳис этиш, маҳалладаги кундалик ташвишларни ўз ташвиши деб билиш, юртимиз тақдири, унинг эртанги кунига дахлдорлик бугун ҳар бир юртдошимизнинг кундалик шиорига айланди.

Ҳа, бугун Манасга келган киши Манасни танимайди, тўғрироғи, танимайди эмас, бошқатдан таниб олади.

Дарҳақиқат, бугун Манас баҳордан дарак бергувчи бодом гуллари каби гўзалликка бурканмоқда. Бу кўрк тез орада барча қишлоқларни қамраб олса, не ажаб. Пахтакор ва Фориш туманларида биттадан аҳоли пунктини обод қишлоққа айлантириш ишлари бошлаб юборилгани ҳам фикримиз тасдиғидир.

Ҳали олдимизда қандай иш турганини мен Манас мисолида кўрсатмоқчиман. Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.