Ховосободда қирқ беш кунда чорак асрлик муаммолар барҳам топди

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq hayoti» - Бозорбой БЕКМУРОДОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Ховос туманининг чекка Ховособод маҳалласи бой тарихга эга. Ховос тепалигидан топилган икки минг йиллик ёдгорликлар унинг қадимийлигидан, Эски Ховос шаҳрининг Буюк ипак йўли йўналишида жойлашганлиги стратегик аҳамиятга эга эканидан далолат беради.

Бу ерда фаолият олиб борган А.Грицина раҳбарлигидаги археологлар гуруҳи Юнон девори, антик асрга дахлдор тегирмон тоши қолдиқлари ва ХII асрга тааллуқли шамдонни топишган. Эски Ховос шаҳри қўрғонига соҳибқирон Амур Темурнинг, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қутлуғ қадами етган. Бу ҳудудда қутлуғ қадамжолар, VII асрга оид Саъду Сайид зиёратгоҳи бор. Эски Ховос тепалиги ЮНЕСКО томонидан ноёб қадимий маскан сифатида рўйхатга олинган.

Икки ярим мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Ховособод эътибордан четда қолган қишлоқ эди. Мавжуд газ қувурлари ишдан чиққан, электр таъминотидаги узилишлар туфайли тунда кўчага чиқиш мушкул эди. Ички йўллар бутунлай яроқсиз ҳолга келганлиги боис қиш ойларида лой-балчиқли кўчаларда юриб бўлмасди. Кўп қаватли уйларнинг томидан чакки ўтар, иситиш тизимлари деярли ишламасди. Хуллас, бу қишлоқда аҳоли фаровонлигига халал бераётган муаммолар кўп йиллардан бери ўз ечимини топмаётган, боз устига, бир қадам нарида – қўшни Тожикистонда яшаётган қариндош-уруғлар билан борди-келди, қон-қардошлик алоқалари деярли узилиб қолганди.

Президентимизнинг олис қишлоқлардаги аҳолининг яшаш шароити, турмуши, муаммо ва ташвишлари билан қизиқиб, бу ҳудудларга ҳам катта эътибор қаратаётгани Ховособод маҳалласи мисолида намоён бўлди. 2018 йилнинг февраль ойида Ховособод маҳалласини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ўтган даврлар мобайнида қаровсиз қолган қишлоқда кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Туманнинг барча ҳудудларидан ҳашарчилар келиб, енг шимариб ишладилар. Қишлоқдаги ёшу кекса оёққа туриб, хайрли ишларда фаоллик кўрсатди. Бир ярим ойда чорак асрдан буён ечимини топмаган муаммолар бартараф этилди.

Ховосободга бу йилги Наврўз ўзгача файзу барака олиб келди. Қишлоқдаги 26 километр узунликдаги ички йўлларга тош тўкилиб, созланди. 12 та икки қаватли уй капитал таъмирдан чиқарилди. Эскирган газ қувурлари янгиларига алмаштирилиб, хонадонларда “зангори олов” порлай бошлади. Синган, ишдан чиққан симёғочлар ўрнига янгилари тикланди, кўчалар электр ёриткичлардан чароғон бўлди. Қўрғондаги мактаб, стадион, ёзги дам олиш клуби таъмирланди. Қишки клуб ва мактабгача таълим муассасасида таъмирлаш-созлаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Кўчалар четига, аҳоли томорқаларига 15 минг тупдан зиёд мевали дарахт, гул кўчатлари ва арча ўтқазилди. 11 та кам таъминланган оиланинг уйи ҳомий ташкилотлар томонидан таъмирлаб берилди. Қишлоқ қабристони ва Ховос тепалигида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Қўшни Тожикистон давлати билан ўртадаги чегаранинг очилиши эса қишлоқ одамлари учун ҳақиқий қувончли воқеа бўлди. Икки томонда яшаётган опа-сингил, ака-ука, ота-бола – жигарлар узоқ айрилиқдан кейин дийдорлашдилар, қон-қариндошлик ришталари янада мустаҳкамланди.

– Қисқа даврда олиб борилган катта қурилиш, ободонлаштириш ишлари қишлоғимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди, – дейди уй бекаси Раъно Кенжаева. – Кечагина абгор ҳолда бўлган Ховособод бугун обод ва гўзал гўшага, яшаш тарзи, туриш-турмуши янгиланган, шаҳарлардан қолишмайдиган замонавий масканга айланди. Муҳими, мутасадди раҳбарлар дардимизни эшитяпти, муаммолар ўз вақтида бартараф этиляпти. Бу ҳам юртимизда халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлигининг ёрқин исботидир. Кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиздан чексиз миннатдормиз.

Яқинда Ховособод қишлоғида амалга оширилган ижтимоийиқтисодий ривожлантириш “йўл харитаси” тақдимоти ҳамда Наврўз байрамига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда ташкилотлар раҳбарлари, кекса отахон ва онахонлар, бунёдкорлик ишларида фаол қатнашган вакиллар, Тожикистон Республикаси Зафаробод тумани ва Сўх вилоятида истиқомат қилаётган бир гуруҳ меҳмонлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Қайта таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этган мактаб стадионида карнай-сурнай садолари янгради. Байрам шодиёнаси тўйга уланди. Даврага келин-куёв – Жамшид Умрбоев ва Мадина Умрбоева махсус жиҳозланган электромобилда кириб келишди. Йиғилганлар ёш оилага бахт-саодат тилаб, қўлларини дуога очишди. Шу куни 25 дан ортиқ кам таъминланган оилаларга вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди. Кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, хайрия сумалаги улашилди. Диллардаги шодумонлик қишлоқнинг файзига файз қўшди, эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлади.

– Шундай юртда яшаётганимиздан чексиз бахтиёрмиз, – дейди “Ховособод” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Эътибор Қурбонова. – Қишлоғимиз кўп миллатли. Бу ерда яшаётган тожиклар ва ўзбеклар бир-бири билан қуда-анда, дўст-биродар бўлиб кетишган. Истагим шуки, қон-қардошлик, дўстлик ришталари асло узилмасин.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.