ВАЛИЖОН ОТАНИНГ «Ботаника боІи»

Норин тумани Бойовул маҳалласида яшовчи Валижон Маҳмудов падари бузруквори, миришкор деҳқон Маҳмуджон отанинг маслаҳатига амал қилган ҳолда 1989 йили 100 туп бодом кўчати экиб, мўъжазгина боғ яратганди.

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq hayoti» - Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.

Сўнгра туманга биринчи бўлиб, лимон кўчатларини келтирган, лимонхоналар ташкил этган ҳаққулободлик Маматхон Бадриддинов ва ўзининг акаси Одилжонлар кўмагида лимончиликка қўл урди. Биринчи навбатда, лимон парвариши, кўпайтириш йўлларини ўрганди. Селекционерлар билан учрашди. Соҳага доир қўлланмаларни мутолаа қилди. Янги навларни топиб келиб, кўпайтирди, кўчатчилик борасида ўз мактабини яратди. Ўғил-қизларини ёнига олиб, уларнинг томорқасида ҳам кўчат етиштиришни йўлга қўйди. Бойовулдаги хонадонларда лимончилик тарғиботини кучайтирди. Қаровсиз қолган томорқа эгалари билан шартнома тузиб, биргаликда фаолият юритди.

– 1990 йили томорқада хандақ қазиб, биргина сигиримизнинг пулига 52 туп лимон кўчати олиб келиб, иссиқхона ташкил қилганимизда одамлар ҳайрон қолганини ҳалиям эслайман, – дейди у. – Қизиқ-да, ҳали ҳеч ким лимон сотиб сигир олмаган эди. Ҳозир 12 сотих жойдаги лимонхонадан йилига 35-40 миллион сўм даромад оляпмиз. Яъни бу етти-саккиз сигир дегани...

– Маҳалламизда 515 та хонадон бўлиб, уларда 720 та оила аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Бойовул” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркинбой Акрамов. – 51 гектар томорқа мавжуд. Шундан 25 гектарида картошка, 10 гектарида сабзи, пиёз, помидор, булғор қалампири, карам, дуккакли экинлар етиштирилади. Ўтган 10 йил мобайнида Валижон Маҳмудовнинг амалий кўмаги билан 300 хонадондаги 15 гектар томорқада иссиқхоналар ташкил этилиб, лимон ва лимон кўчатлари етиштириш йўлга қўйилди. 2018 йилда яна 50 та хонадонда ана шундай иссиқхона қуриш ва ишга тушириш тадориги кўрилмоқда. Бундай изланиш ва имкониятлар натижасида кўплаб бойовулликлар ишли, даромад эгаси бўлди. 2018 йилнинг шу кунигача биргина Валижон отанинг хонадонидан 60 миллион сўмлик лимон кўчатлари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон давлатлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё, Андижон, Фарғона вилоятларига етказиб берилди.

Валижон Маҳмудов ҳозирда етмиш ёшда. Ҳамон изланишдан чарчамайди. У табиатда чангланиш бўлмаса, ҳосилдорлик бўлмаслигини яхши билади. Шу боис, хонадонида асалари боқишни йўлга қўйган. Меҳр билан парваришланган арилар уяси бугун 80 дан ошди. Унинг ёрдамида асалари боқишга меҳр қўйган тадбиркорлар сони ҳам 111 нафардан ортиб кетди. У яқин кўмакчиси, ўз ишининг давомчиси бўлган ўғли Жасурбек билан ҳовли четида “Ботаника боғи”ни яратган. Ҳозир бу ерда цитрус ўсимликлар кўпайтирилмоқда. Улар орасида кўпчиликка нотаниш бўлган “Япония тилла олмаси”, “Япон ўриги”, Хитой апельсини ва мандарини, Туркия зайтуни ва лавр ўсимликлари ҳам бор.

Халқимизнинг “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик” деган нақли Валижон ота кабиларнинг ҳаётига менгзаб айтилган. Отанинг турмуши ҳавас қилишга арзигулик. Томорқадан олинаётган мўмай даромадлар боис турмуш ўртоғи Гулойим ая билан ҳаж зиёратига бориб келди. Икки ўғлига за- монавий автоулов миндириб қўйди. Энг муҳими, Валижон отанинг истиқболли режа, орзулари бир олам.

– Норин тумани ҳокимлигига лимон ва унинг кўчатини етиштирадиган иссиқхона қуриш учун яқин ҳудуддан 2 гектар ер сўраб мурожаат қилганмиз, – дейди у. – Бу билан Норинда лимон меваси ва кўчатининг экспортини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчимиз. Яна 50 нафар маҳалладошимизни иш билан таъминлаймиз.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.