Јимматли іоІозлар бозори такомиллашмоіда

Qishloq Hayoti (Village Life) - - «Qishloq hayoti» - Хуршид ТАБИБОВ, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизга инвестицияларни кенг жалб қилиш, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин маблағларини жойлаштиришни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ҳақиқатан ҳам, қимматли қоғозлар бозорининг фаоллашуви ҳамда муваффақиятли иш юритиши мамлакатимизни барқарор иқтисодий ривожлантиришнинг зарур омилларидан биридир. Жадал тараққий топган фонд бозори турли тоифадаги инвесторлар, жумладан, аҳолига бўш пул маблағларини қимматли қоғозлар сотиб олишга йўналтириш ва даромад олиш имконини беради.

Белгиланган вазифаларга мувофиқ, фонд бозори томонидан кўплаб тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди. Хусусан, молиявий институтларга қимматли қоғозлар (чиқаришга рухсат бериш, қимматли қоғозларни дастлабки ва қўшимча эмиссия қилишни давлат рўйхатидан ўтказиш) тартибини соддалаштириш, алоҳида миллий корхоналар акцияларининг хорижий нуфузли фонд биржаларида дастлабки тарзда жойлаштирилишига эришиш (IPO), уларнинг хорижий капитал бозорига чиқишини таъминлаш каби механизмлар назарда тутилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 февралдаги “2018 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Дастурга кўра қимматли қоғозлар бозорига оид қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мўлжалланмоқда.

Жумладан, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга акциядорлик жамияти устав капиталининг энг кам миқдорига бўлган талабни эквивалентда 400 минг АҚШ долларидан 400 миллион сўмга камайтириш, акциядорлик жамиятлари устав капиталида чет эллик инвесторлар улуши камида 15 фоизни ташкил этиши лозим бўлган тартибни бекор қилиш, акциядорлик жамиятларига акцияларни номинал қиймат билан ёки номинал қийматсиз чиқаришни мустақил танлаш ҳуқуқини бериш борасидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда. Бу юртимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, миллий фонд бозори рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари амалга оширадиган лойиҳаларга аҳоли ва институционал (портфелли) инвесторларнинг бўш турган маблағларини жалб этиш имконини беради.

Бундан ташқари, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунда уюшган бозорларда, айниқса, фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг уюшган биржадан ташқари бозорида эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштиришнинг энг кам миқдорига бўлган талабни бекор қилиш мўлжалланмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, фонд биржалари орқали инвестицияларни эркин жалб қилишда қўшимча имкониятлар яратади, қимматли қоғозларнинг ишончлилиги борасида инвесторларнинг ишончини оширади, шунингдек, қимматли қоғозни сақловчиларнинг пул маблағларини йўқотишларидан ҳимоя қилиш каби имкониятларни яратади.

Президентимизнинг 2017 йил 17 январдаги “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ўтган даврда давлат мулки объектларини сотишда халқаро амалиётда кенг фойдаланилаётган шакллардан бири бўлган фонд биржасида аҳолига ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига акцияларни бирламчи (IPO - Initial рublic оffering) ва иккиламчи (SPO - Secondary public offering) ошкора таклиф этиш жорий этилди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, хорижий тажрибада кенг фойдаланиб келинаётган қимматли қоғозларнинг жойлаштирилиши ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ амалиётларни замонавий, такомиллашган, илғор дастур ва технологиялар орқали амалга ошириш талаб этилади. Ҳозирда ушбу дастур ва технологиялар мамлакатимиз фонд бозорида мавжуд. Корея биржаси (KRX) томонидан ишлаб чиқилган савдо, брокерлик, ҳисоб-китоб-клиринг, депозитар ва назорат тизимларини ўзида мужассам этган Ягона дастурий-техник комплекси ишлаб турибди. Ундан Ўзбекистон фонд бозорининг барча иштирокчилари, акциядорлар ва инвесторлар фойдаланиб келмоқда.

Мухтасар айтганда, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз фонд бозори инновацион ривожланишга юз тутмоқда. Қолаверса, у хорижий инвесторларнинг қизиқишини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз корхоналари ва аҳолининг маблағларини миллий фонд бозорига йўналтириш имконини бермоқда.

Newspapers in Uzbek

Newspapers from Uzbekistan

© PressReader. All rights reserved.